Жамият | 21:10 / 14.05.2024
38588
4 дақиқада ўқилади

Андижонда мактаб директори ўринбосари ўқувчи қизларга тегажоғлик қилаётгани айтилмоқда

Бу ҳақда ўқувчиларнинг ота-оналари Kun.uz'га мурожаат қилди. Уларнинг айтишича, бундай воқеа 6-синф қизлари билан содир бўляпти. Вилоят ММТБга кўра, ҳолат ИИО орган ходимлари томонидан ўрганилмоқда, “замдиректор” ўз хоҳиши билан бўшаш тўғрисида ариза ёзиб, касаллик таътилига чиқиб кетган.

Иллюстратив фото

Kun.uz таҳририятига Андижон шаҳридаги мактаблардан бирида ўқувчиларнинг ота-оналаридан мурожаат келиб тушди. Унда, мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари 6-синфда таҳсил олаётган айрим қизларга мунтазам равишда тегажоғлик қилиб келгани айтилади.

“Буларда бир қиз бор, синфхонага кирганда "завуч" шу қизнинг қўлидан ушлаб олаверар экан. У қиз исми айтилганда ғалати бўлиб, ерга қараб, қочиб кетгиси келаверар экан.

Қизим синф раҳбарига "синфдошимизга тегинади, қандайдир ғалати қарайди", деса, синф раҳбари, ҳечқиси йўқ, у шундай тушунтиради, деб жавоб қилган. Ўқитувчилар бу нарсадан қўрқяпти, гапирмаяпти.

Қизчанинг онаси вафот этган, отаси ичкиликка берилган, кекса буваси бор”, – дейди оналардан бири.

Мурожаатчиларга кўра, директор ўринбосари дарсдан кейин 2-3 нафар қизларни хонасига олиб кириб кетади. Баъзи ҳолатларда дарс вақтида ҳам шундай бўлгани айтиляпти.

Таҳририятга тақдим этилган аудиоёзувда ҳам шу ҳақда сўз боради. Унда мактаб раҳбариятидан 2 нафар аёл жабрланувчи қизларнинг синф раҳбари билан суҳбатда бўлган.

47 дақиқалик суҳбат давомида мактаб раҳбарияти бу вазиятнинг очиқланиши муассаса обрўсига путур етказишини, “замдиректор” ундай инсон эмаслигини, балки ҳамма гап қизларнинг ўзида бўлиши мумкинлигини айтган.

Синф раҳбари эса атиги 12 ёшга тўлган қизларда бундай “кайфият” бўлмаслигини, бу вазиятда эркак ходимдаги боғлиқлик кўпроқ эканини таъкидлаган.

Воқелар ортидан ота-оналар 4 кундан бери мактабга боласини жўнатмаётганини, 10 май куни Андижон мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига шикоят қилиб, “замдиректор”дан ўз хоҳиши билан бўшаш тўғрисида ариза ёздиришганини айтди.

“Ҳолатни ИИО ходимлари ўрганяпти, яқин кунларда якуний хулоса тақдим қилинади” – ММТБ

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бўлими матбуот котиби Умархўжа Мадаминовнинг Kun.uzʼга маълум қилишича, ота-оналар 10 май санасида бошқармага мурожаат қилмаган, аммо шу кунда мактаб директори ва ўша директор ўринбосари чақиртирилган.

Таъкидланишича, ”замдиректор” ўз хоҳиши билан бўшаш тўғрисида ариза ёзган, лекин касаллик таътилига чиқиб кетгани сабаб бу ариза қабул қилинмаган.

“[Вазиятга оид хат] прокуратурага чиққан, ички ишлар шуғулланяпти, узоғи эрта-индин хулосасини беришар экан. Бу “замдиректор”дан [бўшаш тўғрисидаги] аризани олиш режалаштирилган экан, фақат бола [директор ўринбосари] касаллик таътилига чиқиб олган экан. Шунинг учун бу ариза олинмай қолди, қайтганидан сўнг якуний хулосага қараб туриб, натижасини айтишни режа қилишяпти”, – деди Мадаминов.

Бошқарманинг расмий изоҳига кўра, бу ҳолат шахсан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи назоратида.

“Ҳолатни асослантирувчи маълумотлари тўла жамлангач ва ҳуқуқ-тартибот идоралари хулосаларидан сўнг якуний ўрганиш натижалари эълон қилинади.

Шу ўринда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси таълим шаъни ва обрўсига ҳамда педагог имижига салбий таъсир этувчи ҳар қандай ҳолатларга кескин муносабат билдирган ҳолда тегишлилиги бўйича жазо чораларини қўллашини маълум қиламиз”, – дейилади хабарда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан текширув ишлари давом этмоқда.

Мавзуга оид