Ўзбекистон | 16:05 / 27.02.2026
9196
2 дақиқада ўқилади

Асадбек Жумаев 10 суткага қамалди

Uzbelas Performance автосервиси ходими Асадбек Жумаевга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кассация тартибида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг унга жарима солиш ҳақидаги қарори бекор қилинди. Тошкент шаҳар суди қарорига мувофиқ Жумаев 10 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазосига тортилди. 

Фото: Олий суд

ЙПХга бўйсунмаган иккита BMW воқеасининг иштирокчиси бўлганидан «фахрланиши» ва бу ҳолатни тарқатгани учун «кичкина жарима» билан қутулиб кетганини айтган Асадбек Жумаевга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов хабар берди.

Асадбек Жумаевга нисбатан январда чиққан суд қарори устидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан кассация тартибида протест киритилган. Мазкур суд қарори билан Асадбек Жумаев БҲМнинг 20 баравари – 8 млн 420 минг сўм жаримага тортилганди.

Бугун, 27 феврал куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида Асадбек Жумаевга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кассация тартибида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг жарима солиш ҳақидаги қарори бекор қилинган.

Тошкент шаҳар суди қарорига мувофиқ, Асадбек Жумаевга МЖтКнинг 195-2-моддаси (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото- ва (ёки) видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш) билан 10 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. 

Аввалроқ ЙПХдан қочган BMW'лар иши бўйича прокуратура суд қарорига протест киритгани хабар қилинганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид