Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Humans иловасига уланган карталардан оммавий равишда пул ечиб олиняпти
Humans мобил иловасига уланган карталардан оммавий равишда тасдиқ СМС-кодисиз пул ечиб олиняпти. Транзакция «PL HUMANS P2P» номи остида амалга оширилган. «Humans кеча тунда 3 марта жами 12 млн сўмдан ортиқ пулимни ечган. Компания операторига телефон қилсам, ишламаяпти. Ҳеч қандай СМС-код келмади, apk файлни очмадим», дейди Kun.uz билан боғланган жабрланувчилардан бири. Марказий банк тезкор текширув ишлари бошланиб, барча шубҳали транзакциялар, техник жараёнлар ва платформалар ўртасидаги амалий ҳамкорлик тўлиқ ўрганилаётганини маълум қилди.
Humans билан боғлиқ вазият янада жиддийлашяпти. Kun.uzʼга мурожаат қилган жабрланувчининг сўзларига кўра, мобил компания иловасига уланган пластик карталардан оммавий равишда тасдиқ СМС-кодисиз пул ечиб олиняпти. Транзакция «PL HUMANS P2P» номи остида амалга оширилган.


«Humans компанияси менинг картамдан ҳам кечаси соат 01:19 ва 02:28 да 2 млн сўм пул ечиб олган. Операторга телефон қилсам, пулингизни қайтарамиз, лекин қачонлиги аниқмас деяпти», дея ёзади Турсунбек исмли мурожаатчи.

Яна бир жабрланувчи бир муддат олдин Humans иловасига уланган картасидан 5 млн сўм ечиб олинганини айтяпти.
«Humans бўйича муаммо бўляпти. Картамдан 5 млн сўмдан ортиқ пул ечилган. Операция ҳеч қандай тасдиқлаш кодларисиз амалга оширилган», дейди мурожаатчи.

«Humans кеча тунда 3 марта жами 12 млн сўмдан ортиқ пулимни ечган. Компания операторига телефон қилсам, ишламаяпти. Ҳеч қандай 4 талик код, apk файлни очмадим», дейди Моҳинур исмли жабрланувчи.

Айни пайтда Humans иловасининг ўзида ўтказмалар тарихи кўринмаяпти, бошқа иловалар орқалигина картадан ечиб олинган пуллар тарихини кўриш мумкин.
100 млнга яқин пулидан айрилган жабрланувчининг Humans оператори билан суҳбат аудиосида компания call-маркази «ҳозир бу бўйича техник ишлар олиб бориляпти, ариза олиб қоляпмиз. Чатга скриншот ташлаб қўйинг. Электрон почта ва паспорт серияси ҳам керак бўлади. Шунингдек, картангиз уланган телефон номер, картангизнинг бошидаги олтита рақам ва охиридаги 4 та рақамни ҳам ёзинг. Ариза 7 кунда кўриб чиқилади», дея жавоб берган.
Ижтимоий тармоқларда аудиоси тарқалган бошқа бир суҳбатда call-марказ ходими жабрланувчига пули қайтариб берилишини таъкадлаган, аммо бу борада аниқ муддат айта олмаслигини билдирган.
«Менга ҳам аниқ муддат номаълум. Лекин иш ёпилиш жараёнида, кутиб турсангиз қайтариб берилади, албатта. Тегишли бўлимга яна бир бор эслатиб қўйдим. Сизга алоқага чиқишади. Жа 10 кун бўлиб кетиб қолса, яна алоқага чиқишингиз мумкин. Пулингиз карта рақамингизга тушириб берилади», деган оператор.
Аммо, Компания call-маркази изоҳи ва компания вакилининг тушунтириши бир бирига мос келмаяпти. Масалан Podrobno.uz мухбирига Humans сервисининг техник қўллаб-қувватлаш хизматидан маълум қилинишича, фирибгарлик схемаси аниқланган, бегона шахслар фойдаланувчиларнинг ҳисобларига кириб, уларнинг розилигисиз молиявий операциялар амалга оширган.
Марказий банк изоҳи
Марказий банк ҳолатни тасдиқлаб, пули ечиб олинган фуқароларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишни тавсия қилди. 9 декабр ҳолатига кўра Humans мобил иловаси орқали «Octagram» АЖ (Paylov – савдо белгиси) томонидан олиб борилаётган барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилган.
«Humans companies АЖ ва «Octagram» АЖ ташкилотлари ўртасида 2025 йил 10 апрелда 32-сонли шартнома имзоланган бўлиб, унга мувофиқ, Humans агент сифатида ўз мижозларига тўлов хизматларини (тўлов ва P2P пул ўтказмалари) етказиб беришни бошлаган.
2025 йил 8 декабр куни, соат 08:30 атрофида Марказий банкка фуқаролар томонидан Humans иловаси орқали маблағлар ечиб олингани ҳақида мурожаатлар келиб тушди. Ушбу ҳолат юзасидан Марказий банк ўз ваколатлари доирасида «Octagram» АЖ (Paylov – савдо белгиси) билан боғланиб, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш ва эҳтимолий заифликларни бартараф этиш мақсадида P2P амалиётларини тўхтатиш бўйича кўрсатма берган.
Маълум қиламизки, 9 декабр ҳолатига кўра, Humans мобил иловаси орқали «Octagram» АЖ (Paylov – савдо белгиси) томонидан олиб борилаётган барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилган.
Ҳурматли фуқаролар, Uzcard ва Humo карталари орқали амалга ошириладиган тўлов ва ўтказмалар одатий тартибда ишламоқда. Карталардан бошқа банк ва тўлов ташкилотлари иловаларида фойдаланиш имконияти ҳам сақланиб қолган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тезкор текширув ишлари бошланган бўлиб, барча шубҳали транзакциялар, техник жараёнлар ва платформалар ўртасидаги амалий ҳамкорлик тўлиқ ўрганилмоқда.
Текширув натижалари бўйича қўшимча расмий ахборот тақдим этилади.
Юқоридаги ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга белгиланган тартибда мурожаат қилишингиз мумкин», дейилади МБ изоҳида.
Достон Ахроров
Kun.uz
Мавзуга оид
19:18 / 09.12.2025
Карталардаги пулларнинг ғойиб бўлиши. Humans ва Paylov бир-бирини айблаяпти
14:15 / 03.12.2025
Ҳиндистон ҳукумати смартфонларда ўчириб бўлмайдиган давлат иловасини жорий этмоқда
16:35 / 29.11.2025
«6 ойдан бери пул йўқ». Humans карталарида музлаб ётган миллионлар қачон қайтарилади?
21:47 / 14.07.2025