Ўзбекистон | 11:35 / 23.02.2024
78493
2 дақиқада ўқилади

Навоийда мактаб ўқувчилари дарс пайти спорт залга йиғилиб, сочи олинди

Оммавий соч олиш “тадбири” ташаббуси мактаб директоридан чиққани, миллий гвардия ходимлари эса жараён устига бориб қолгани айтилмоқда. Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи бу оқлаб бўлмас ҳолат эканлигини билдирди.

Навоий шаҳридаги 2-умумтаълим мактабида ўғил бола ўқувчиларнинг оммавий равишда сочини олиш “тадбири” ўтказилган. Ҳолат бугун, 23 феврал куни бўлган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

Манбага кўра, мактаб директори Нурқобил Юсупов ташаббуси билан мактабга сартарош чақирилган ҳамда турли синфлардан ўғил бола ўқувчилар спорт залга йиғилиб, сочи олинган. Жараённи миллий гвардия ходимлари ҳам кузатиб турган.

Kun.uz ҳолатга изоҳ олиш мақсадида Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Раъно Ҳайитова билан боғланди. Бошқарма бошлиғига кўра, бу ҳолатни умуман оқлаб бўлмайди.

“Мактабга ҳозир одам жўнатдим. Ўзи кеча гаплашгандим шу мактаб директори билан. Ушбу мактаб фаолиятини тўлиқ ўрганамиз. Бу ҳолат умуман мумкин эмас. Бундай директор ишда қолиши ҳам мумкин эмас аслида. Мактабда ўқувчининг сочига тегишга умуман ҳаққи йўқ. Педагогнинг этика қоидасига тўғри келмайди бу”, дея ҳолатни изоҳлади бошқарма бошлиғи.

Навоий вилояти Миллий гвардия бошқармаси матбуот котиби Рамазон Кубаевнинг таъкидлашича, миллий гвардия ходимлари мактаб директорининг бу ташаббусига қарши бўлишган.

“Бириктирилган ходимларимиз давомат назорати учун мактабга борганида ушбу ҳолатнинг устидан чиқишган. Бу, албатта, мумкин эмас. Шу сабабли мактаб директорига жараённи тўхтатишни ҳамда ўқувчиларни дарсга қайтаришни айтишган”, дейди Рамазон Кубаев.

Олдинроқ Навоий шаҳридаги 6-умумтаълим мактабида ўқитувчи болаларнинг ота-оналарига видеомурожаат йўллаб, мактабга кроссовка кийиб келиш мумкин эмаслигини айтганди. Вазирлик эса таълим муассасаларида оёқ кийим, айнан кроссовка билан боғлиқ бирор бир чеклов йўқлигини маълум қилганди.

Мавзуга оид