Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабарига кўра, ҳолат унинг Зангиота тумани бўлими ўтказган терговга қадар текширувда аниқланган.
Қурилиш ишлари «Сув таъминот ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» ДУК Тошкент ҳудудий бошқармаси ҳамда Тошкент вилояти «Сувоқова» ДУК ўртасидаги шартнома асосида олиб борилган.
Текширув маълумотларига кўра, иншоотда амалда 73,3 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилган. Бироқ ҳужжатларда ишлар 87,2 миллиард сўмга бажарилгани ҳақида сохта маълумотлар расмийлаштирилган.
Департамент мазкур ҳолатдаги 13,9 миллиард сўмлик фарқ бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинганини билдирган.
Ҳозирда Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.















