Мавзу юзасидан “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Жаҳонгир Акрамов ва Анвар Йўлдошев сўз юритди.
Жаҳонгир Акрамов: Уруш бошланганидан бери жисмоний ва юридик шахсларга қарши қўлланган энг йирик чекловлардан бири бўлган бу чоралар 1 569 та субъектни қамраб олди. Уларнинг 826 таси компания ва бошқа юридик шахслар, 743 таси эса жисмоний шахслардир. Натижада санкциялар рўйхатидаги субъектлар сони қарийб 3 мингдан 4 600 тага етди. Бу қарийб 50 фоизлик ўсишни англатади. Қарорнинг қисқа муддатда қабул қилингани ҳам эътиборга молик. Санкцияларнинг асосий нишонларидан бири — Россия армиясини қурол-яроғ, ракета ва дронлар ишлаб чиқариш учун зарур ускуналар билан таъминлаётган компаниялар. Улар қаторига Горкий шаҳри номи билан танилган Нижний Новгороддаги ГАЗ автомобил заводи ҳам киритилган.
Шунингдек, Россиянинг никел саноатидаги айрим корхоналари, Москва ва Санкт-Петербург темирйўл тизимига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда Россия қуролли кучлари учун муҳим бўлган радиочастота ва алоқа технологиялари билан шуғулланувчи компанияларга нисбатан ҳам чекловлар жорий этилган.
Дастлаб санкциялар рўйхатига киритилиши режалаштирилган компаниялардан бири эса Эстониянинг талаби билан ундан чиқарилган. Бунга ушбу корхонанинг Эстония учун муҳим хомашё етказиб берувчи манба экани сабаб бўлган.
Янги чекловлар санкцияга тушган компанияларнинг Европа Иттифоқидаги активлари ва банк ҳисобварақларига таъсир кўрсатиши, уларнинг Европа билан иқтисодий алоқаларини чеклаши мумкин. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ушбу компаниялар билан савдо қиладиган учинчи давлатлардаги ҳамкорларга ҳам босимни кучайтиришга уриниши мумкин. Хусусан Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатлар орқали амалга ошириладиган савдо алоқаларига ҳам тааллуқли.
Мазкур қарорни Россияга қарши молиявий босимни кучайтириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолаш мумкин.
У Европа Иттифоқининг навбатдаги, 22- ва 23-санкциялар пакетларини ишлаб чиқишига ҳам замин яратиши мумкин. Бироқ бу қарорнинг яна бир муҳим жиҳати бор, у АҚШга ҳам билвосита босим ўтказиш воситаси бўлиши мумкин. Маълумотларга кўра, санкцияга киритилган компанияларнинг қарийб 100 таси АҚШ билан савдо алоқаларига эга. Европа Иттифоқи шу орқали Вашингтоннинг Россияга нисбатан санкция сиёсатида юмшаш эҳтимолига қарши ўз позициясини мустаҳкамлашга уринаётган бўлиши мумкин.
АҚШнинг айрим чекловларни вақтинча юмшатиши ёки бекор қилиши эҳтимоли фонида Европа Иттифоқининг бу қарорини олдиндан кўрилган иқтисодий ва сиёсий чора сифатида ҳам талқин қилиш мумкин. Демак, янги санкциялар нафақат Россия иқтисодиёти ва ҳарбий-саноат мажмуасига, балки трансатлантик ҳамкорлик доирасидаги санкция сиёсатига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.














