Солиқ қўмитаси E-aktiv'ни жорий этиш қийинлиги сабабли бу тизимдан воз кечди, дея маълум қилди қўмита раиси Шерзод Қудбиев. Тадбиркорларга товар моддий бойликларни очиқлаш талабини қўядиган E-aktiv бизнес вакилларининг эътирозларига сабаб бўлиб келаётганди.
Солиқ қўмитаси E-aktiv (E-ombor) тизимини жорий этишдан воз кечди. Бу ҳақда 4 июл куни фармацевтика ва тиббиёт соҳалари вакиллари билан очиқ мулоқотда қўмита раиси Шерзод Кудбиев маълум қилди.
«Биз E-aktiv'дан воз кечдик, E-aktiv бўлмайди. Амалга ошириш қийин бўлиб чиқди, шунинг учун воз кечишга қарор қилдик», – деди у.
Тадбиркорлар бу янгиликни қарсаклар билан қабул қилди.
E-aktiv ахборот тизими тадбиркорларнинг товар-моддий активлари, хусусан омборлардаги маҳсулотлар кирим-чиқими ва қолдиғини солиқ органларига очиқлашни назарда тутади.
2021 йилдаги ҳукумат қарорига кўра, тизим 2022 йил 1 январдан ишга тушиши керак эди. Бироқ бу тадбиркорлар ва бухгалтерларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Уларга кўра, барча товар-моддий бойликларни тизимга киритиш қийин иш ва бу бизнес учун ортиқча бюрократик тўсиқларни вужудга келтиради.
Шерзод Қудбиев 2021 йилдаги чиқишларидан бирида E-aktiv атрофидаги муҳокамаларга муносабат билдириб, «бу янгиликдан норозиликлар ортида интизомли бўлмаган солиқ тўловчилар турибди» деб ҳисоблашини айтганди.
Аммо эътирозлардан кейин тизимни мажбурий қўллаш 2023 йил 1 мартгача кечиктирилди. 2023 йилнинг март ойида эса Солиқ қўмитаси муддат 2024 йилгача узайтирилганини маълум қилди






