Ўзбекистон | 16:18 / 29.11.2024
11225
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон меҳнат бозорида талаб энг юқори бўлган мутахассисликлар аниқланди

Савдо, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасидаги мутахассисликларга талаб юқори экани маълум бўлди.

Фото: Kun.uz

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари маҳаллий меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талабни мутахассисликлар кесимида ўрганди.

Таҳлил жараёнида 180 та туман ва шаҳарда истиқомат қилувчи 7843 та берувчи иштирокида 172 та мутахассислик кесимида сўров ўтказилди.

Қайд қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистон меҳнат бозорида савдо соҳаси, хусусан онлайн савдо соҳасида мутахассисларга талаб энг юқори. Сўровда қатнашган иш берувчиларнинг катта қисми (23,4 фоизи) савдо соҳасида фаолият юритади. Республикадаги жами корхоналар орасида савдо корхоналарининг улуши энг юқори бўлиб, 32,5 фоизни ташкил этади. Бу эса ўз навбатида айнан савдо соҳаси мутахассисларига талаб юқорилигини асослайди.

Қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаси мутахассислари, хусусан, қишлоқ хўжалиги ва саноат ускуналари механиги (1,7 фоиз), қишлоқ хўжалиги ва қурилиш техникаси мутахассислари (1,4 фоиз), трактор, булдозер, комбайн ҳайдовчилари (1,4 фоиз), агрономлар (1,3 фоиз), каштачи, тикувчи ва тўқувчиларга ҳам талаб юқори (1,7 фоиз).

Таълим муассасаларида хорижий тиллар (инглиз, немис, корейс ва бошқа чет тиллар), математика ва IT ўқитувчиларига (1,2 фоиз) ҳам талаб юқори.

Ҳозирги кунда давлат сектори ва хусусий секторга тегишли корхоналарда маркетолог, IT дастурчилари, бухгалтерлар, кадрлар билан ишлаш бўйича ходимларга талаб юқори.

Шунингдек, малака талаб этилмайдиган фаррош, ҳайдовчи ва боғбонларга ҳам талаб юқори эканлиги аниқланган. Буни улар орасида қўнимсизлик даражаси юқорилиги билан изоҳлаш мумкинлиги таъкидланмоқда.

Институт келгуси сўровларда касблар кўламини кенгайтиришни ва натижаларни рақамлашган платформа орқали кенг жамоатчиликка етказишни режалаштирган.

Мавзуга оид