Таълим | 10:23 / 06.09.2025
13856
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ўқувчилар автобусга чиқарилмади: ҳокимлик бепул қатнов жорий қилди

Пахтачи туманида автобус ҳайдовчиси мактабга кетаётган ўқувчиларни автобусга олмагани ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлди. Ҳодисадан сўнг ҳайдовчи ишдан бўшатилди ва ўқувчилар учун бепул автобус қатнови ташкил этилди.

Фото: Видеодан кадр

Маълумотларга кўра, воқеа 3 сентябр куни туманнинг Фай маҳалласига қарашли Назаробод қишлоғида содир бўлган. “Oqtosh-Shaxzod trans” МЧЖга тегишли давлат рақами 30 E 881HB бўлган “Сахоба-Оқтош” йўналишида ҳаракатланувчи автобус ҳайдовчиси мактаб ўқувчиларини автобусга олмаган. Ҳайдовчи бу ҳолатни “ўқувчилар йўлкира ҳақини тўламаслиги” билан изоҳлаган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, автобус ҳайдовчиси Мусурмон Бобожонов жамиятнинг 2025 йил 4 сентябрдаги буйруғига асосан ишдан озод этилганини маълум қилди.

Маълумотга кўра, Назаробод қишлоғидан 19 нафар ўқувчи Пахтачи тумани 28-мактабига, яна 3 нафар ўқувчи эса 34-мактабга қатнаб ўқийди.

4 сентябрдан бошлаб ушбу ўқувчилар учун бепул автобус қатнови йўлга қўйилган. Пахтачи туман ҳокимлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, энди ўқувчиларнинг йўлкира харажатлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Вилоят ҳокимлиги бундай камчиликлар яна такрорланмаслиги учун чоралар кўрилаётганини билдириб, муаммони кўтариб чиққан ижтимоий тармоқ фаолларига миннатдорлик билдирган.

 

Тайёрлаган:  Исомиддин Пулатов

Мавзуга оид