Жаҳонгир Ортиқхўжаев — Magic City, Minerva City ва “Пахтакор” ҳақида
Тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Пахтакор”ни ривожлантирмоқчи бўлгани, шу билан бирга, клуб ва стадионни хусусийлаштириш учун 100 доллар ҳам тўламоқчи эмаслигини айтди. “Текинга берса оламан, пулга берса олмайман”, деди у.
Тадбиркор, Тошкентнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Лолазор” подкастидаги иштирокида жамоатчилик диққат марказидаги бир қатор масалаларга изоҳ ва муносабат билдирди.
“Пахтакор” ҳақида
Давлат активларини бошқариш агентлиги 17 январ куни “Пахтакор” футбол клуби – клуб балансидаги кўчмас мулклар билан биргаликда – сотувга қўйилганини эълон қилди. Лекин клуб ва Тошкент марказидаги улкан ҳудудни эгаллаган стадионни қўшиб сотмаслик ҳақидаги жамоатчилик вакилларининг муносабатидан кейин, 18 январда клубни хусусийлаштириш вақтинча тўхтатилгани маълум қилинди.
Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг айтишича, “Пахтакор”ни у олмоқчи бўлган, лекин интернетдаги гап-сўзлардан кейин бу фикридан қайтган. “Айланган гаплардан кейин, тўғрисини айтаман, менга керакмас футболиям, жонимга тегди, менга керакмиди шу, деган фикрга бордим ва ҳозир шу фикрдаман”, – деди у.
Тадбиркор клубни сотиб олишдан мақсадини сўзлаб берди.
“Фақат “Пахтакор” эмас, президентимиз қарорлари билан кўп клублар хусусийлаштирилиши керак. Битта нарсани айтишим керак: давлатдан хусусийга ўтади дегани футбол ўзгариб қолади дегани эмас. Миллиард пул ташлайдими, футбол ўзгариб қолади дегани эмас. Агар пул билан бўлганида, бугун Саудия энг зўр терма жамоа бўларди. Ёки “Улсан Ҳюндаи” клуби. Биргина Hyundai 200 миллиард “оборот” қилади. Пул билан бўлганида, улар бўлган бўларди. Бу футболни биз кардинал ўзгартирмасак, футболимиз футбол бўлмайди.
“Пахтакор”ни 100 долларга берса, сотиб олмайман у ерни. Текинга берса оламан. Стадионини ҳам. Текинга берса оламан, пулга берса олмайман.
Мен футбол федерацияси раҳбари Абдусалом ака Азизов билан ҳам кўп гаплашдим, нима қилса бўлади? Бошқаларни билмадим, менинг таклифим бундай: майли, мен олишим мумкин стадионни, лекин пулга эмас, чунки ўзи стадионга 70-80 миллиард пул тикиб юбордим. 200 миллиардга яқин пулим кетди. Қайтариб ололмайман [бу пулларни]. Яна пулга сотиб оламанми стадионни? Нима қиламан уни?
Биринчи таклифим: футболни ўзгартиришимиз керак. Иккинчиси: мухлисларни футболга чақиришимиз керак. Тошкент – менинг киндик қоним тўкилган жой. Мен “Пахтакор”га 12 ёшимда билет олиб, сотиб юрган одамман. Кимга эмас, айнан менга қадрли бу жой. Ҳаммадан кўра менга қадрли. Ёшлигим ўша ерда ўтган. “Пахтакор”нинг номи бор, уни йўқотиб бўлмайди.
Нима қилмоқчи эдим? Қибрайда базаси бор. Мен у ерга 100-120 талик меҳмонхона қурмоқчи эдим. Тўртта майдони бор, иккитасини ўзгартирмоқчи эдим. Чилонзорда академия бор, майдони сунъий, оёқлари шилиняпти, ўт экиб бермоқчи эдим. “Пахтакор” стадионини эса янгилаб, тагига дўкон, кафелар қилиб, атрофини боғ қилиб, одамлар кечки пайт ҳам кафега келсин, ҳам ҳеч бўлмаса бирор шоу қилиб, бир амаллаб стадионга олиб чиқиб оламиз. Кўнгилочар жой бўлсинки, одамлар ичкарига кирсин, яъни чақириш керак.
Болаларни эса 14, 15, 18, 20 яшар болаларни олиб келиб, Қибрайга меҳмонхонага тиқиб, ота-онаси билан келишиб: “Гўшти менга, суяги сизга, 3 ойда 1 марта уйингизга боради”, алкогол ичиш йўқ, кечаси юриш йўқ... Эрталабдан кечгача қаттиққўллик билан, эрталаб турғазиб, югуртириб... “Ёғли овқат ема, ётиб олиб ош ема, югур...” Болаларнинг витамини йўқ эди, кийими йўқ эди, қилдик қўлимиздан келгунча. 3 йил мана шундай чиллахона дейдими, “казарма” режимида боқмоқчи эдим.
Кейин уни “Пахтакор”да ўйнатиб, агар чет элга сотиладиган бўлса, масалан, сотардик. Шундан харажатларимни эҳтимолки қоплардим. Лекин хоҳласанг уйингга бор, хоҳлаган пайтинг кел, хоҳласанг тренировкага кел, хоҳламасанг йўқ – бу билан биз футболни кўтара олмаймиз. Қаттиқ режимда тренировка қиладиган болаларни ёшлигидан етиштириб, вилоятлардан, ўзимиздан йиғиб келиб, зўр академия қилмас эканмиз, биз футболни катта пул билан қила олмаймиз.
Мана, кечагинда битта ўйинчини Ўзбекистон тарихида биринчи марта Англия Премьер-лигаси ижарага бердик. Мен уни Ўзбекистонда ёки “Пахтакор”да олиб қолиш ниятим йўқ, ривожлантириб, йилига 5-10 та чет элга олиб чиқиш ниятим бор. Чет элда ўйнаса, хоҳлаган вақтда терма жамоага чақирса, етиб келади-ку. Фараз қилинг, 11 та ўйинчингизнинг 11 таси Англия, Франция, Португалияда ўйнаяпти. Менинг ниятим шу эди”, – деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Magic City ва собиқ City Makon
Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг AKFA компаниялар гуруҳига кирган “Stargate Systems” МЧЖ 2017–2021 йилларда Тошкент марказидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Magic City кўнгилочар мажмуасини қурган эди. Бунинг учун Миллий боғнинг 20 гектардан ортиқ ҳудуди шу компанияга инвестиция киритиш шарти билан 49 йилга ижарага берилган.
Ортиқхўжаев ўтган ҳафта Термиздаги “Бизнес марафон”да 7 та компанияси, хусусан Magic City'ни ҳам сотганини айтганди. Айни пайтда компания тўлиқлигича Абдувоҳидов Алишер Абдужабборовичга тегишли. Собиқ ҳокимнинг сўзларига кўра, у Magic City'га ортиқ вақт ажратишни истамагани ва бошқа ғоялари ҳам кўплиги учун паркдан воз кечган.
“2016 йиллар охирида Тошкентда битта тадбиркор Роҳат тарафларда “Диснейленд” қураман деб сўз берган. Қуролмади. Қиламан деб роса гапирди, лекин қилмади. Кетворди.
Лекин ўрнига кўнгилочар жой бўлиши керак эди. Шунда биз “шу жойни [Миллий боғ назарда тутилмоқда – таҳр.] оламиз, шунақа жойга айлантирамиз” деган таклиф билан чиқдик. [Magic City'нинг] орқа томонида кичик-кичик аттракционлар ва аквапарклар ҳам бўлиши керак эди, кейин моҳияти йўқолиб қолади деб ўзимиз вож кечдик.
Magic city тақдимот қилинди ва қабул қилинди. 49 йилга 55 млн доллар инвестиция киритиш шарти билан ижарага берилди. Бош режа кўрсатилди, тақдимот қилинди, рози бўлишди ва қарор чиқди. Шунга асосан, у қилинди. Биз керакли суммани ошиғи билан инвестиция қилдик.
Худди шунақа қарор “Алпомиш” спорт саройига ҳам чиққан. Худди эскича қилиб тиклаш керак бўлган. “Алпомиш” спорт саройи умуман фойда келтирмайдиган жой, музнинг пулини ёқасиз-да фақат. Қилдикми, қилдик. Сизлар уни гапирмайсизлар, “Алпомиш”ни қандай бўлган бўлса шундай жойига қўйганмиз.
Magic city масаласи бўйича, 55 млн доллар инвестиция бажарилди. Тўғрисини айтаман: муаммо кўп, ижарачилар бор, бошқаси бор, мингта одам келади, тадбирлар бўлади, фонтан отади, салют отади, униси бу билан уришиб қолади… Тўғриси-да, буларга вақт ажратишингиз керак-да”, – деди у.
Қолаверса, Ортиқхўжаевнинг айтишича, у фақат Magic City парки билан чегараланиб қолмаган: “Менда бошқа идеаларим ҳам бор. Фақат шу билан чегараланиб қолган жойим йўқ-ку”.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, у Magic City лойиҳасини амалга оширишда аввалбошдан иштирок этган менежерларидан бирига паркнинг эгаси бўлишни таклиф этган. У рози бўлиб, компаниянинг кредит мажбуриятларини ҳам зиммасига олишини билдирган. Жаҳонгир Ортиқхўжаев Magic City'ни “камроғига бўлса ҳам, зарарига бўлса ҳам” берганини айтди.
Ижарага олган компания таъсисчисининг ўзгариши давлат билан келишилганми, деган саволга жавобан Ортиқхўжаев бундай келишув бўлиши шарт эмаслигини таъкидлади.
“Давлат Жаҳонгир Ортиқхўжаев 49 йил яшасин демаган-ку. Давлатнинг кўзи кўр эмас, худога шукр, анча нарса жойига тушди. Жазо муқаррар, агар муаммо бўлса, жавобини беради. Мен давлатдан 49 йилга олганман деб, 49 йил яшашимга кафолат беролмайман-ку. Имконсиз бу нарса, худо берса, яшайман. Менга у-бу нарса бўлса, барибир кимгадир ўтказардим, тўғрими? Нега кимдандир сўраш керак? Эгаси битта, фирма битта. Қарзини бўйнига олди, талаблари бор.
Биз [парк] орқасида қурилиш қилмайдиган бўлдик, сокин жой қиладиган бўлдик. Президентимизнинг ўзлари ташриф буюрдилар, сокин жой бўлсин дедилар, худди шундай қилдик”, – деди собиқ ҳоким.
Ортиқхўжаев Миллий боғга туташ, Сеул (собиқ Байналмилал) кўчаси томондан кириладиган ҳудуд ҳақидаги саволга жавобан, бу ер унинг офиси эканини айтди.
“У – менинг офисим. Бошқа одамларнинг офиси бўлган, City Makon. 2012 ё 2013 йилда уни 23 миллиардгами, 24 миллиардгами, аукционда сотиб олганман – ўша пайтда катта пул эди”, – деди тадбиркор.
Жаҳонгир Ортиқхўжаевга кўра, ўтган йили Magic City'га 2,3 млн киши келган.
“Менинг ҳеч қанақа давлатга зиён келтирадиган ишим йўқ. Magic city бўйича, кечирасиз-у, ўша “ёмон” деб ёзганлар ҳам бола-чақасини айлантириб юрибди, мазза қилиб. “Ёмон” дейди-ку, битта-иккита блогерлар, журналистлар бор, “дабдаласини чиқарди” дейди-ку. Шуларнинг [Magic City'да] айланиб юрганини мен ўзим кўзим билан кўрганман. Видеосини ҳам кўрсатишим мумкин. Ёмон бўлса борармиди?
2 млн 300 мингта одам келгани – бу факт. Таъмирланмасидан олдин қанча одам келган? Кунига 300 киши бормиди-йўқмиди? Балки сизга ёқмас, лекин бошқаларга ёқар. Нима қиламиз ўзимизни алдаб, фактга асосланайлик. Факт – 2 млн 300 минг одам у ерга [Magic City] келди, 4 млн 100 минг “Тошкент сити”га келди”, – деди у.
Minerva City
2022 йилда ҳиндистонлик инвестор Мурари Лал Жаланнинг “MJ Developer” компанияси томонидан Янгиҳаёт туманида қурилиши бошланган “Minerva city” лойиҳаси можароли тарзда сабаб тўхтаб қолганди. Ер ҳиндистонлик тадбиркордан олиб қўйилгач, у Тошкентнинг ўша вақтдаги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни унга ноқонуний талаб қўйишда айблаб чиққанди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги инвесторнинг сўзларини рад этиб, Бош прокуратурага мурожаат қилган, Бош прокуратура Мурари Лал Жаланнинг иддаоси текширилаётганини маълум қилган эди.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Лолазор” подкастига ҳоким сифатидаги фаолияти юзасидан суҳбатлашмаслик шарти билан келганини билдириб, “Minerva city” ҳақидаги саволга қисқа жавоб берди.
“Бу йигитда сохта пиар кўпайиб кетди. Бирорта чет эллик, бизнес қиламан деган камтар одам бошқа мамлакатга бориб, спорт машиналарида юриб, кечаси билан катта пул сочиб, ҳамманинг олдида катта маишат, катта пиарларни ўтказиб, катта-катта одамларни олиб чиқмайди. Буни фақат ўша давлатга бориб пулини еб, олиб қочиб кетадиган одам қилади. Унга бой экан, зўр экан, фалон машиналарда юрибди, деб пул беришни бошлашади. Натижада пулни олиб, қочиб кетади. Бунинг шунга ўхшаган қадамлари пайдо бўлди, шаҳарда кечки пайт қизилдан ўтиб кетиш... Менга ҳеч ким ҳеч бало қила олмайди, деган шекилли. Спорт машиналарини ҳар ҳафта алмаштириш, кечки юришлар, катта базмлар ўтказишлар – булар менга сохтадек туюлди. Бошқа сабаблар ҳам бор, айтишни истамаган бўлардим”, – деди пойтахтнинг собиқ раҳбари.
Суҳбат давомида Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳоким лавозимидан олиниши бўйича президентнинг қарорини муҳокама қилмаслиги, “Технопарк” МЧЖни ишончли бошқарувга олгани, Ўзбекистондан ташқарида бирорта ҳам уйи йўқлиги ва ўзи учун самолёт ижарага олганини ҳам айтиб ўтган.
Мавзуга оид
17:02
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024