Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий музейи қурилишига тамал тоши қўйди
Миллий боғ олдидаги майдонда аввал режалаштирилганидек Санъат музейи эмас, Ўзбекистон Миллий музейи қуриладиган бўлди. Иншоотни Япониянинг “Tadao Ando Architect & Associates” архитектура бюроси ва Германиянинг “Atelier Brückner” компанияси лойиҳалаштирган, пудратчи сифатида Хитой компанияси танланган.
Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни Ўзбекистон Миллий музейи қурилишига тамал тоши қўйди.
Тошкентда ушбу музей қурилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Ўзбекистон Миллий боғи яқинидаги майдонга маданият ва санъат намояндалари, олимлар ва адиблар, нуронийлар, жамоатчилик вакиллари йиғилди.
– Ҳамма соҳада ривожланиш билан бирга қадриятларимизни тиклашга ҳаракат қиляпмиз. Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий мажмуаси, Олимпия шаҳарчаси каби улкан иншоотлар қуряпмиз. Бунинг замиридаги асосий мақсад шуки, бу бинолар халқимизга мулк бўлиб қолиши керак. Мана энди яна бир тарихий мажмуа – Ўзбекистон Миллий музейи қурилишини бошлаяпмиз. Бу музей уч минг йиллик бой тарихимизни одамларга, дунё ҳамжамиятига ва келажак авлодга етказадиган илм-маърифат ва маданият маскани бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Музей Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шафелигида Япониянинг «Tadao Ando Architect & Associates» архитектура бюроси ҳамда Германиянинг «Atelier Brückner» компанияси томонидан лойиҳалаштирилган. Унинг ташқи қиёфаси айлана, тўрт бурчак ва уч бурчак шаклида бўлиб, Шарқ ва Ғарб маданиятини ўзида уйғунлаштиради. Мажмуа 3 қаватли музей, 2 қаватли ертўла ҳамда ёрдамчи бинолардан иборат бўлади. Хитойнинг «CSCEC International Construction» компанияси томонидан қурилади.
Қайд этилганидек, ҳозир Тошкентдаги 30 та музейда 1 миллиондан зиёд экспонат бор. Уларнинг 100 минги Давлат санъат музейида бўлиб, шундан бор-йўғи 2 минг 400 таси намойишга қўйилган. Кўргазма заллари етарли бўлмагани сабабли 97 мингдан зиёди омборда сақланмоқда.
– Марказий Осиё, Хитой, Япония, Ҳиндистон ва Европа давлатлари маданиятини ўзида акс эттирган бу ноёб санъат асарлари нафақат бизнинг, балки бутун инсониятнинг беқиёс бойлиги. Уларни асраб-авайлаб, келгуси авлодлар учун бешикаст етказиш, дунё оммасига намойиш қилиш орқали мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданиятини тараннум этиш барчамизнинг муқаддас бурчимиз, деб таъкидлади президент.


Музейнинг умумий майдони 40 минг квадрат метр бўлади. Кўргазма заллари, кутубхона, реставрация лабораториялари ва экспонатларни сақлаш хоналарида энг замонавий қулайликлар ташкил этилади. Музейда бир вақтнинг ўзида 10 мингга яқин экспонатни намойиш қилиш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, 4 минг квадрат метр майдонда конференция заллари, аудитория ва ресторанлар, болалар майдончалари жойлашади.
Таъкидланишича, музей ишга тушса, атрофидаги Абулқосим мадрасаси, Халқлар дўстлиги саройи ва Ўзбекистон Миллий боғи билан бир жойда яхлит меъморий композицияга айланади. Юртдошлар ва хорижий сайёҳлар ташриф буюрадиган тематик туризм маскани бўлади.

Келажакда ушбу музей дунёга машҳур Лувр, Метрополитан ва Британия музейлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиб, ноёб экспонатлар олиб келинади ва кўргазмалар ташкил қилинади.
– Ишончим комил, янги барпо этиладиган мажмуа мамлакатимизнинг жаҳон тарихи ва тараққиётида тутган ўрнини янада ёрқинроқ кўрсатади. Бир йил эмас, ўн йил эмас, кўп йиллар давомида халқимизга хизмат қилади, - деди Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида.
Шундан сўнг давлат раҳбари мажмуа пойдеворига капсула қўйиб, қурилишни бошлаб берди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳа 2022 йилда, Санъат музейининг янги биноси сифатида тақдим этилган эди. Иншоот қурилишини 2024 йилда бошлаш кўзда тутилганди.
Мавзуга оид
08:41
Тошкентда 115-сонли автобус йўналиши янгиланди
09:34 / 04.12.2025
Тошкентда йўлларни ифлослаган юк машиналари бўйича рейдлар кучайтирилди
18:21 / 03.12.2025
Тошкентда тирбандликни камайтириш мақсадида йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази очилади
11:34 / 03.12.2025