Май ойида IT Park University’нинг биринчи ва иккинчи курс талабалари Испанияда ИТ-маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари орасида дунёда етакчилардан бўлган EPAM Systems офисларида амалиёт ўташди. Ўқишда энг яхши натижалар кўрсатган талабалар учта шаҳардаги EPAM офисларида иш жараёнлари тузилиши билан танишиб, ўзаро тажриба алмашишди ва Европа IT-мутахассисларининг бир қатор тренинг ва семинарларида бўлишди. Ушбу мақолада амалиёт жараёнлари ҳақида маълумот берамиз.

Бу йил биринчи ва иккинчи курс талабаларига халқаро амалиёт ўташ учун 8 та грант ўринлари ажратилди. 2023 йилда IT Park University  халқаро амалиёти Литва ва Полшада бўлиб ўтган эди. Бу сафар талабалар ўқув даражаси, IT соҳасидаги ютуқлари, университет ҳаётидаги фаол иштироки ва мотивацион видеоролик асосида танланди. Амалиёт тўлиқ университет томонидан молиялаштирилди.

«Мен IT Park University’га яқиндагина ўқишга кирганман, лекин шуни айта оламанки, бу ерда талабалар ҳаёти жуда бой ва қизиқарли. Шу икки семестр давомида университет томонидан ўтказилган кўплаб тадбирлар ва тренингларда қатнашишга муваффақ бўлдим. Улардан энг эсда қоларлиси эса университет томонидан молиялаштирилган Испанияга амалиёт сафари бўлди.

Мен IT соҳасида янгиман. Бўш вақтимни дастурлашни ўрганишга ва билимимни оширишга сарфлайман. EPAM тестчиларининг фаолиятини кузатиб, улар ўз иш жараёнларига доимий равишда янги технологияларни жорий этишларига амин бўлдим. Ишдаги уйғунлик, ҳамкасблар хушмуомалалиги мени жуда руҳлантирди. 

Мутахассислар ўртасидаги узлуксиз ўрганиш ва доимий билим алмашиш каби муҳим жиҳатларни ўз кўзларим билан кўрганимдан чексиз бахтлиман. Тўғри танлов қилганимга энди асло шубҳам йўқ. IT соҳасида ўз ижодкорлик қобилиятларимни ривожлантириш ва лойиҳаларимни амалга ошира олишимга ишончим комилМ», - дейди университет биринчи курс талабаси Нигорахон Мамадалиева.

Амалиёт IT Park University  ҳаммуассиси EPAM’нинг Европадаги офисларида бўлиб ўтди. Компания амалиётчилари турли муаммоларни ҳал қилишда ўз ёндашувлари ва технологиялари бўйича семинар ва тренинглар ўтказдилар.