АҚШ президенти Доналд Трамп Россия ва Украина энергетика соҳасида сулҳ тузишга келишиб олгани ҳақида эълон қилди.
«Шу палладан Россия ва Украина ўртасида энергетика сулҳи амал қилади. Икки томон ҳам бунга рози. Уни бузманглар», – дея ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.
У бошқа тафсилотларни келтирмаган.
Financial Times мухбири Кристофер Миллер эса Украина Трамп айтган энергетика сулҳи ҳақида «маълумотга эга эмаслиги» ҳақида ёзди. «Айни вақтда бизнинг таъмирлаш бригадаларимиз [Россия зарбаларидан кейин] Киевда электр ва ичимлик сув таъминотини тиклаш устида ишламоқда», – деган FT’га Зеленскийга яқин бўлган украиналик мулозим. Унинг сўзларига кўра, Киевда «ҳеч ким [сулҳ тўғрисида] ҳеч нарса эшитмаган».
Зеленскийнинг ўзи ҳам Axios нашрига берган қисқа интервюсида Трампнинг энергетика сулҳи ҳақидаги хабари «янгилик бўлгани» ҳақида гапирди.
«Агар президент Трамп бу ҳақда Путин билан келишиб олган бўлса, илтимос, сулҳ қачон бошланишини бизга хабар қилинг. Биз уни қабул қилишга тайёрмиз ва розимиз», – дея қўшимча қилган Зеленский.
Трамп 14 сентябр куни ҳам Россия ва Украина ўртасида энергетика сулҳи тузилганини эълон қилганди. Ўшанда у «Украина Россиянинг энергетика инфратузилмалари объектларига зарба бермасликка рози бўлгани», «Россия ҳам худди шундай йўл тутиши»ни айтганди. Аммо кейинроқ Financial Times газетаси Трамп бундай эълон беришда шошилиб қўйгани ҳақида ёзиб чиқди. Нашрнинг Кремл позициясидан хабардор бўлган манбалари Владимир Путин қиш арафасида энергетика сулҳи тузишни хоҳламаслиги, чунки йилнинг совуқ даврида энергетика объектлари бўйлаб зарбалар Киевни ён беришга мажбур қилади, деб ҳисоблашини айтишган.














