Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Кичик йўлда 120 км/соат тезликда ҳайдади” – Хоразмда маст ҳолда машина бошқарган ИИБ ходими ЙТҲга учради
Ҳолат Шовот тумани ҳудудида содир бўлган: дўстлари билан ароқ ичган ИИБ ходими Cobalt машинасини бошқариб кетаётиб, ЙТҲга учраган. Оқибатда машинада йўловчи сифатида кетаётган йигит оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.
Фото: Kun.uz
Хоразмда яна бир ИИБ ходими маст ҳолда машина бошқариб, дўстининг ўлимига сабабчи бўлди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Тўй олдидан зиёфат
Суд ҳукмига кўра, 30 ёшли Д.Ю. Урганч шаҳар ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика кичик инспектори вазифасида ишлаб келган. 2025 йил 23 декабр куни Cobalt машинасида дўсти тўй бошлагани сабаби билан ташкиллаштирган зиёфатга борган.
Дўстлар зиёфатда спиртли ичимлик истеъмол қилган. Жумладан, Д.Ю. ҳам ароқ ичган. Улфатчиликдан сўнг дўсти Х.Ф. уйига олиб бориб қўйишни илтимос қилган.
Шу тариқа, Д.Ю. орқа ўриндиққа Х.Ф.ни, олд ўриндиққа яна бир дўстини йўловчи сифатида миндириб, маст ҳолда машинасини бошқариб кетган.
“120 тезликда ҳайдади”
Д.Ю. йўлда бошқарувни йўқотган ва Cobalt йўл четидаги бетон тўсиққа бориб урилган. Оқибатда машинанинг орқа ўриндиғида бўлган Х.Ф. оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.
Машинанинг олд ўриндиғида бўлган гувоҳ судда шундай кўрсатма берган:
“Зиёфатда спиртли ичимлик ичдик. Д. ароқни тўлдириб қуйиб беришни айтди. Зиёфат якунланиб, Д. уйига кетмоқчи бўлди. Х. шу пайтда Д. билан кетишини, уйига бориб келмаса бўлмаслигини билдирди. Д.га машинани у ҳайдаса минмаслигимни айтдим. Шундай бўлса ҳам Д. машинани ҳеч кимга бермади.
Д. йўлда тезликни оширди. Унга секинроқ ҳайда, дедим. Кичик йўлда 120 км/соат тезликда ҳаракатланди. Биринчи чуқурга тушганимизда машина қалқиб кетди. Шунда ҳам у тезликни пасайтирмади. Иккинчи чуқурда эса машина бетон тўсиққа урилиб, ағдарилди. Мен ойнани синдириб, ташқарига чиқдим”.
“Айбимга иқрорман”
Д.Ю. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган. У йўлда чуқурга тушиб, бошқарувни йўқотганини маълум қилган.
“Ҳодиса содир бўлган вақтда машина тезлиги 70-80 км/соат эди. Х.Ф. шифохонада вафот этди. Бўлиб ўтган ҳодисадан кейин марҳумнинг уйига бориб, оиласидан хабар олиб турдим”, деган у судда.
Д.Ю. қилган ишидан пушаймонлик билдириб, суддан енгиллик сўраган.
“2 млн сўм олиб келди”
Марҳумнинг отаси судда ўғлининг ўлимига сабабчи бўлган судланувчига қонуний чора кўришни сўраб, шундай деган:
“Д.Ю. ва унинг оила аъзолари кечирим сўраб келди, моддий ёрдам сифатида 2 млн сўм олиб келишди. Ёрдами керак эмаслигини айтиб, уларни қайтариб юбордик. Спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда машина бошқариб, ўғлимнинг ўлимига сабабчи бўлган Д.Ю.га нисбатан қонуний чора кўринглар”.
Жазо
ЖИБ Шовот туман суди ҳукми билан Д.Ю. Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлиши) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, у 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Жазони манзил колонияларда ўташ белгиланган.
Биринчиси эмас
Бу Хоразмда ИИБ ходими маст ҳолда машина бошқариб, одам ўлимига сабабчи бўлган илк ҳолат эмас. Аввалроқ Хоразм вилояти ИИБ ходими маст ҳолда Tracker машинасини бошқариб бораётиб, йўл четида турмуш ўртоғи билан кетаётган 29 ёшли аёлни уриб юборганди. Сўнгра жабрланувчига ёрдам кўрсатмасдан, кетиб қолган. Бошқа йўловчи машинада шифохонага олиб борилган аёл кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай вафот этган эди.