Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!

Муҳтарам меҳмонлар!

Табиат уйғониб, гул-чечаклар очилиб, атроф яшил либосга бурканиб бораётган шу кунларда яшариш ва янгиланиш фасли бўлмиш Наврўзи олам юртимизга кириб келиши билан сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни чин қалбимдан табриклаш, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат ва самимий тилакларимни изҳор этиш – мен учун катта бахтдир.

Наврўзи олам барчамиз учун неча минг йиллик тарихга эга, илдизлари “Авесто” даврида пайдо бўлган, қадимий, асл миллий, ҳар қандай сиёсатдан йироқ, кеча ва кундуз тенг келадиган шарқона янги йил бўлиб, эл-юртимиз табиатига, онгу тафаккури, қалби-шуурига чуқур сингиб кетган энг севимли, энг гўзал баҳор байрамидир.

Айни шу бетакрор ва дилбар фаслда кўклам нафаси ва майин шабадалар кириб келиши, куртакларнинг очилиши билан инсон вужудига баҳор нашидаси югургандек бўлади. Барчамиз ўзимизни яшариб кетгандек, куч-қувват, ғайрат ва шижоатга тўлгандек сезамиз, ўзимизни табиатнинг узвий ва ажралмас қисми деб ҳис қиламиз.

Айни шу файзли, шодиёна дамларда юртимизнинг барча гўшаларида, қир-адирлар, боғу роғларда юртдошларимиз сумалак ва ҳалим, кўксомса ва гўжа каби тансиқ таомлар тортилган дастурхонлар атрофида тўпланиб, бу баҳор неъматларини ўз оиласи, яқинлари, дўсту биродарлари билан баҳам кўришга интилади.

Ҳеч шубҳасиз, бундай хурсандчилик ва сайил-томошаларни кўпчилик хонадон ва маҳаллаларда, марказда, узоқ ва чекка қишлоқларда кўриш, кузатиш қийин эмас.

Аҳолимиз, қайси миллат ва элат вакили бўлишидан қатъи назар, байрамона кайфиятга берилиб, бу ажойиб айёмни катта шоду хуррамлик билан ўтказади, бундай дамларда нафақат таниш, балки нотаниш одамларни ҳам қутлаб, бағрига босиб, соғлик, бахту саодат ва омад тилаши ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, десам, ҳақиқатни айтган бўламан.

Мен ҳам айни шу дақиқалардан фойдаланиб, мана шу муаззам ва гўзал майдонда тўпланган сиз, азизларга, бутун халқимизга қарата Алишер Навоий бобомизнинг табаррук сўзлари билан айтмоқчиман: “Барчангизга Наврўз байрами муборак бўлсин, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” деган самимий тилакларимни, меҳр-иззатимни қабул қилишингизни сўрайман.

Қадрли дўстлар!

Наврўзнинг ўлмас руҳи ва қадриятлари авлодлардан-авлодларга безавол ўтиб келмоқда, орадан қанча йиллар, замонлар ўтмасин, бу ғоя ва одатлар бугунги кунларда ҳам халқимизнинг онгу тафаккурида чуқур из қолдириб, кучайиб бормоқда.