Ўзбекистон | 18:16 / 19.04.2016
9086
3 дақиқада ўқилади

ЛУКОЙЛ Ўзбекистонда Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилишини бошлади

2016 йил 19 апрель куни Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида, Қандим газни қайта ишлаш комплекси қурилиши бошланиши муносабати билан тантанали тош қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда, Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ва Россиянинг "ЛУКОЙЛ" нефть компанияси президенти Вагит Алекперов иштирок этган.

Маросимда сўзга чиққан Шавкат Мирзиёевнинг қайд этишича, мазкур лойиҳа йирик ва истиқболли бўлиб, рентабелли ҳисобланади. Унинг қайд этишича, Ўзбекистон томони лойиҳанинг муваффақиятли амалга ошиши учун зиммасидаги барча мажбуриятларни бажаради.

«Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилишининг бошланиши билан Ўзбекистон табиий газ бойликларини ўзлаштиришда янги даврга киради. Уни фойдаланишга топшириш билан 2 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади», - деб қўшимча қилган Ўзбекистон бош вазири.

«ЛУКОЙЛ» нефть компанияси президенти Вагит Алекперов ўз навбатида мазкур мажмуа компаниянинг Ўзбекистондаги энг йирик сармоявий лойиҳаси эканини таъкидлаб, унда энг замонавий технологиялар қўлланилиб, меҳнат унумдорлиги ва муҳофазаси ижобий тарзда ўз ечимини топишига ишонч билдирди.

Эслатиб ўтамиз, «ЛУКОЙЛ» 2004 йилдан бери "Ўзбекнефтгаз" компанияси билан ҳамкорликда Қандим лойиҳасини амалга ошириб келади. Қандим гуруҳига 6та: Қандим, Қувачи-Олот, Оққум, Парсанкўл, Хожи ва ғарбий Хожи газ конденсат конлари киради.

Мажмуа ишга тушгач, йилига 8,1 млрд кубметр олтингугуртли табиий газ қайта ишланиб, табиий газ ва олтингугурт хом ашёси олинади.

Лойиҳа доирасида, 114та бурғилаш ускуналари ўрнатилади. 300 километрдан ортиқ газ қувури ётқизилади. Бундан ташқари, ташқи электр таъминоти учун 100 километрдан ортиқ электр узатиш тармоғи барпо этилади. 160 км автомобиль йўли, темирйўл ҳамда 1200 кишига мўлжалланган замонавий ишчилар қўрғони қурилади. Умуман, қурилиш ишлари давомида 7 минг киши иш билан таъминланади.

2015 йил февралида «ЛУКОЙЛ» компанияси Hyundai Engineering бошчилигидаги пудратчилар гуруҳи билан 2,662 млрд долларлик шартномани имзолаган эди. Ушбу лойиҳанинг илк босқичи жами 3,3 млрд долларга баҳоланмоқда. Мажмуа 2018 йили фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.