Ўзбекистон | 09:58 / 27.04.2016
5317
2 дақиқада ўқилади

Ислом Каримовнинг Россияга расмий ташрифи якунланди

Ислом Каримовнинг Россия Федерациясига расмий ташрифининг асосий тадбирлари 26 апрель куни Кремлда бўлиб ўтди. Ислом Каримов ва Владимир Путиннинг учрашувида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, ҳарбий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Ислом Каримов ушбу ташриф ўзаро алоқалар ривожига янги суръат бағишлашини, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳар томонлама фикр алмашиш учун қулай имконият эканини алоҳида таъкидлади.

Владимир Путин Ўзбекистон Россиянинг стратегик ҳамкори ва ишончли иттифоқчиси эканини, бу муносабатлар янада мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида қайд этди.

Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, Афғонистон муаммоси, терроризм, экстремизм, наркотрафик, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашувда Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги доирасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Владимир Путин Ўзбекистон томонидан ШҲТнинг июнь ойида Тошкентда бўладиган саммити муҳокамасига киритилиши мўлжалланаётган ташаббусларни Россия томони қўллаб-қувватлашини қайд этди.

Музокарада мамлакатимизда етиштирилган мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турини кенгайтиришга келишиб олинди.

Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт ва транзит соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга доир масалалар муҳокама қилинди. Томонлар маданият, илм-фан, таълим, спорт ва туризм соҳалари бўйича ўзаро алоқаларни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида маданий-гуманитар, ташқи сиёсат, олий таълим, жисмоний тарбия ва спорт каби қатор соҳаларда ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди.