«Кубань»нинг украиналик футболчиси мухлисларга ўзини «осиб ўлдирақолиш»ни таклиф қилди
Россиянинг «Кубань» жамоасининг украиналик ҳужумчиси Евгений Селезнёв краснодарлик мухлисларга «баланд оҳанглар»да мурожаат қилди. Бу ҳақда «Чемпионат.com» нашри «Наш футбол» каналининг «8-16» телекўрсатувига асосланиб хабар тарқатган.
Бу воқеа ички чемпионатнинг 27-турида «Кубань»нинг «Мордовия»га қарши ўз майдонида мағлуб бўлишидан кейин юз берган. Ушбу ўйин 7 май куни Краснодарда ўтказилган ва саранскликларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган.
«Мен келганимга бир ойдан ошди. Сизларга нима дея олишим мумкин? Исталган гапингизни айтишингиз мумкин, исталган гапингизни эшитишга тайёрман. Истасангиз — мени осиб қўйинг, истасангиз — мени ўлдиринг», — деган Селезнёв.
Украиналик ҳужумчи «Кубань» сафига 25 февраль куни Днепропетровскнинг «Днепр» жамоасидан келиб қўшилган. Келишувнинг молиявий шартлари ошкор қилинмаган.
У жамоаси сафида 9та ўйин ўтказиб, 3та гол урган. У Украина терма жамоаси сафида 46 учрашувда майдонга тушиб, 11та гол урган.
«Кубань» 27 турдан кейин 20 очко ишлаган ҳолда турнир жадвалининг энг қуйи қисмида жойлашган. 3 май куни жамоада бош мураббий ўзгарди, Сергей Ташуев ўрнига Игорь Осинкин тайинланди.