Қозоғистонда куйдирги касали авж олган қишлоқ ҳандақ билан тўсилди
Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги куйдирги касаллиги авж олган Еркиндик аҳоли пунктининг атрофида жониворларнинг ўтишига тўсқинлик қилувчи ҳандақ қазилди. Бу ҳақида Қозоғистон қишлоқ хўжалик вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.
Қарағанда вилоятининг Еркиндик қишлоғида тўққиз нафар кишида куйдирги касаллиги гумон қилиниб, инфекцион касалликлар шифохонасига ётқизилган. Беморларнинг икки нафари ҳаётдан кўз юмган. Вилоят ветеринар лабараторияси сўйилган сигир гўшти намунасини ўрганиб чиқиб, "куйдирги" ташхисини тасдиқлади.
"Ветеринар назорат остида бўлиши керак бўлган жониворлар ва маҳсулотларнинг қишлоқдан ташқарига чиқишини бартараф этиш мақсадида аҳоли пунктига кираверишда дезинфекцияни тўсувчи иккита назорат пости ўрнатилди, бу ерда тун-у кун навбатчилик йўлга қўйилди, ФВ ва туман полиция бўлими ҳодимлари жалб қилинди", - дейилади вазирлик хабарида.
Идорада таъкидланишича, аҳоли пунктидаги 21 минг квадрат метр майдонда дезинфекция амалга оширилган.
"Эпизоотик ўчоқ ҳудудида вилоят ва туман миқёсидаги 28 нафар мутахассис, олтита махсус техника ишга туширилди. Қишлоқ аҳли йиғилиб, улар билан юзага келган вазият ва хавф-хатар, шунингдек жониворлар билан мулоқот қилганда эҳтиёткорлик чоралари кўрилиши ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди", - дея маълум қилди матбуот хизмати.
7 июнь куни Еркиндик қишлоғидаги 5 нафар киши (бир оиланинг аъзолари) ветеринар кўригидан ўтказмасдан касал сигирни мажбурий сўйишган. Ўша куннинг ўзидаёқ унинг гўшти қишлоқда яшовчи 11 кишига сотилган. 11-14 июнь оралиғида зарарланган гўштни истеъмол қилган 9 киши касалланган, улардан саккиз нафари - Еркиндикда истиқомат қилувчилар, яна бири эса қишлоққа қариндошларникига меҳмонга келган киши бўлган.