Бугун ЎзМТРКнинг «Ўзбекистон», «Тошкент» ва «Ёшлар» телеканалларида халқ орасида чинозлик Аҳмадбой номи билан танилган Аҳмаджон Турсунбоевнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, у ташкил этган ва фаолиятига чек қўйилган молиявий пирамида ҳақида «Аҳмад васвасаси» номли батафсил ҳужжатли кўрсатув эфирга узатилди.
Кўрсатувда Аҳмаджон Турсунбоевнинг саволларга жавоблари келтирилди.
Кўрсатув аввалида ушбу ҳодисага доир янги маълумотлар келтирилди. Жумладан ашёвий далил сифатида олинган маблағлар 13 млрд 139 млн сўм ва 12 млн доллар экани билдирилди.
Кўрсатувда Аҳмаджон Турсунбоевнинг ўзидан бир қатор иқтибослар келтирилди: «Боши берк кўчага кириб қолиб, кейин чиқиб кета олмадим. Орқага йўл йўқлигини билардим».
У одамлар орасида обрў орттиргани, саховатпешалиги эвазига одамларнинг ишончини қозонгани айтиб ўтилади. У 4-5 йилдан буён фаолият кўрсатиб келган бўлсада, 2015 йил охирида фаолиятини кенгайтиради. 2016 йилнинг 12 январида эса Чинозда "Чиноз авто ҳамкор" ва "Чиноз ҳалол чорва" корхоналарини таъсис этади. У бу корхоналардан давлатга солиқ тўлаш орқали ўзининг ҳақиқий даромадларини яширишда фойдалангани айтилади.
У ўз атрофида асосан қариндошларини тўплаган. Унинг жиянларидан бири автомобилларни қабул қилиб олиш ва бозорда сотиш, бошқалари пул ва тақинчоқлар келтирувчиларни рўйхатга олиш билан шуғулланган. Улар шунчаки мактаб ёки коллежни битиргани, ёзишни билгани учун ишга олинган.
Аҳмадбой ўзининг содда тизимини ҳашаматли қароргоҳлар барпо этиш орқали хаспўшлайди. Келувчилар дарвоза олдидаги қўриқчиларни, ичкаридаги пул сановчиларни кўриб, ўзларини банкка келгандек ҳис қилишган.
Маълум бўлишича, ўз қорамоли ёки пулини Аҳмадбойга бераётган одамлардан тушунтириш хати олинган. Хатда пул топшираётган одам, унинг ота-онаси ёки турмуш ўртоғи "Чиноз автоҳамкор" МЧЖга берган маблағи ёки автомашинасини 12 ой давомида ойма-ой бўлиб олишга бергани, ушбу машина ёки пулни бераётган вақтда ҳеч кимдан ҳеч қандай эътирози йўқлигини зиммасига олиши ва илова қилиб паспортининг нусхасини бергани, тушунтириш хатини ўз қўли ва ўз сўзи билан ёзгани баён қилинади.
Мазкур хатга, шунингдек, Огоҳлантириш хати ҳам илова қилинган бўлиб, унда МЧЖ раҳбарига бирор кор-ҳол бўлиб қолса, ҳеч кимга эътироз билдира олмаслиги, таваккалчиликка қўл урилаётганини унутмаслик ёзилган.












