Жамият | 14:25 / 05.07.2016
9282
2 дақиқада ўқилади

Липецкда боласини сотмоқчи бўлган Қозоғистон фуқароси 4,5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Фото: © РИА Новости

Қозоғистон фуқароси Липецкда ўзининг 3 ёшли ўғлини 1,5 миллион рублга сотмоқчи бўлди. У шу йўл билан фарзандини "яхши оила"га топшириб, бирйўла ўзига уй харид қилишни режалаштирган. Суд жиноятчини 4 ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақида РИА "Новости" хабар қилди. 

Тергов маълумотларига кўра, 2015 йилнинг 10 июлида Липецкдаги "Победа" проспектида ўз фарзандини 1,5 миллион рублга пуллаётган 24 ёшли Қозоғистон фуқароси қўлга олинганди. Тергов давомида у яхши ният билан шундай қилганини - ўғлини яхши оилага топширишни хоҳлаганини тушунтирмоқчи бўлган. Бола эвазига олинган пулларга эса уй шароитини яхшилаб олишни режалаштирган.

Отага нисбатан "вояга етмаган бола савдоси" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Унга кўра, жиноятчига 10 йилгача муддатда қамоқ жазоси тайинланиши керак, бунинг устига унга "ҳужжатларни сохталаштириш" айблови ҳам қўйилган. Жиноятчи ўзининг ҳамда ўзи билан бирга яшайдиган аёлнинг ҳужжатларни сохталаштириб, боланинг биологик онаси ҳақидаги маълумотларга ўзгариш киритган, улар шу йўл билан болани сотиш осонлашади, деб ўйлашган.

Унинг суд иши июнь ойида бошланди, ҳукм эса 4 июль куни ўқилди. Суд жиноятчини 4 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида қарор чиқарди. 

Вилоят прокуратураси хабарига кўра, жиноятчи аввал Қозоғистонда яшаган, у ерда унинг собиқ хотини ва фарзанди қолган. 2012 йилнинг июлида у Липецкка кўчиб ўтиб, ижарада яшай бошлаган, лекин бирор ишнинг бошини тутмаган. Тергов иши бўйича жиноятчи ўз жазосини тўлиқ тан олган. У билан бирга яшайдиган аёл эса ўз қилмишларидан афсусда эканлигини айтгани ҳамда эмизикли боласи борлиги ҳисобга олиниб, унга нисбатан очилган жиноий иш тўхтатилган. 
 

 

Мавзуга оид