«Болаларимизни мактаб партасига қайтардик» – президент таълимдаги ислоҳотлар ҳақида
Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувда мактаб йилларини эслаб, ўша даврда ўқувчилар ҳар йили пахта йиғимига жалб қилинганини эслади.
«Мен 11 йиллик мактаб аттестатини олганман. Лекин 11 йил тўлиқ ўқимаганман. Мактабга борганман, аммо ҳар йили 4–5 ой пахтада бўлганман», – деди президент.
Давлат раҳбари болаларнинг ўқиши, изланиши, камол топиши ва катта орзулар билан яшаши учун шароит яратилганини таъкидлади.
«Таълимни ривожлантириш Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг энг муҳим бўғинидир», – деди президент.
Ўн йилда 1 миллион 800 минг ўринли боғчалар ва 1,5 миллион ўринли мактаблар барпо этилди, 10 мингдан зиёд боғча ва мактаб замонавий кўринишга келтирилди.
«Биз болаларимизни пахта даласидан мактаб партасига, ўқитувчиларни таълим жараёнига қайтардик», – деди у ислоҳотларнинг энг катта натижаси ҳақида тўхталиб.
Автобусда назоратчига қаршилик қилган йўловчи уч суткага қамалди
Тошкент шаҳри Чилонзор туманида автобусда йўл ҳақини тўламаган, текширув вақтида жанжал чиқариб, назоратчига куч ишлатишга уринган йўловчи жазоланди. Ҳодиса назоратчининг боди камерасига ёзиб олинган.
«Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси хабарига кўра, воқеа 15 август куни Чилонзор туманида ўтказилган назорат рейди вақтида содир бўлган.
Маъмурий иш 24 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида кўриб чиқилган. Суд фуқарога 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.
Хабарда қайд этилишича, тўловни амалга оширмаган йўловчи чиптасиз ҳаракатланаётган деб ҳисобланади ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси 5-қисми асосида жаримага тортилади.
Расмий даромадли шахсга оила аъзоси учун ижтимоий солиқ тўлаш имконияти яратилади
«Давлат пенсия таъминотига оид замонавий хизматларни жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.
Унга кўра, 2027 йил 1 январдан расмий даромадга эга бўлган шахсга ишламайдиган оила аъзоси иш стажига эга бўлиши учун ҳар ойда ихтиёрий равишда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 12 фоизи миқдорида ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади.
2026 йил сентябр ҳолатига кўра, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – 1 млн 360 минг сўмга тенг. Унинг 12 фоизи 163 минг 200 сўмни ташкил қилади.
Тошкентда юзлаб фуқароларни чув туширган «кибербункер» аниқланди
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор-қидирув тадбирида кўп қаватли уйда ташкил этилган колл-марказ - «кибербункер» фош этилди.
Унда фаолият юритган жиноий гуруҳ аъзолари фуқароларга ажратилган кредит ёки микроқарзни ўзлаштириш билан шуғулланган. Текширувда ноқонуний марказда беш нафар оператор ишлагани аниқланган. Улар ижтимоий тармоқлардаги сохта онлайн дўконлар номидан юзлаб фуқароларга қўнғироқ қилган.
Тезкор тадбир давомида 10 та компьютер жамланмаси, саккизта мобил телефон, фуқароларнинг шахсга доир маълумотлари ва бошқа нарсалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Ўқитувчилар учун бир ойлик мажбурий малака ошириш тартиби бекор қилинади
Ўқитувчилар учун бир ойлик мажбурий малака ошириш тартиби бекор қилинади, деди президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувда.
Унинг ўрнига ўқитувчиларга тоифа синовидаги натижасига қараб, ўзи хоҳлаган жойда 18 соатдан 72 соатгача мустақил малака ошириш учун касбий ривожланиш ваучери берилади. Бунинг учун маблағни давлат ажратади.















