Жаҳон | 12:05 / 23.08.2016
5808
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда Американинг РҚМ тизимини жойлаштириш борасида сўров ўтказилди

© Flickr

Жанубий кореяликларнинг 54 фоизи мамлакат ҳукуматининг республика ҳудудида АҚШнинг THAAD ракеталарни уриб туширувчи тизимини жойлаштириш қарорини қўллаб-қувватлаган. Бироқ, кўпчилик Хитой билан муносабатлар ёмонлашувидан хавотир билдирган. 

Республикада ўтказилган ижтимоий сўров натижалари шундан далолат қилмоқда. Ёнхап агентлигининг хабарига кўра, "Асан" сиёсатшунослик институти ўтказган сўровда 19 ёшдан катта бўлган 1000 киши иштирок этган. 
Уларнинг 53,6 фоизи THAAD режасини маъқуллаган. Сўралганларнинг 36,6 фоизи бу режаларни маъқулламаган. 

Жанубий Кореяда РҚМ тизимларини ўрнатиш тарафдорларининг 69,9 фоизига кўра, КХДР ядро ва ракета таҳдидларига қарши THAAD тизимларини жойлаштириш лозим. 12,9 фоизи  АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлик ҳам муҳимлигини таъкидлашган. 7,8 фоиз киши эса, шунчаки ҳукуматга ишонгани сабаб, ракеталарга қарши мудофаа тизимларини жойлаштириш режасини маъқуллашини билдирган. 

Ёнхап агентлигига кўра, сўралганларнинг 71,8 фоизи Хитой жавоб чоралари кўриши мумкинлигини айтишган. 

Корея ҳукумати маълумотларига кўра, THAAD тизимини 2017-йил охиригача Жанубий Корея ҳудудида ўрнатиш режалаштирилган. 
 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид