WhatsApp тижорат мақсадларида фойдаланувчилари тўғрисидаги маълумотларни Facebook’га юборишни бошлади. Бу сервислар қандай маълумотларни тўплайди ва уларни узатишдан қандай воз кечиш мумкин?

25 август куни WhatsApp ўзининг блогида фойдаланувчиларнинг телефон рақамлари ва бошқа таҳлилий маълумотларни Facebook’га узатиши ҳақида эълон қилди. Компанияда барча хабарлар аввалгидек шифрланиши, аккаунтнинг суратлари ва маълумотлари Facebook’га узатилмаслиги, реклама берувчилар эса рақамларга тўғридан-тўғри чиқа олмаслигига ишонтиришмоқда. Facebook шу тарзда тижорий мақсадларини яхшилашни режалаштирмоқда. Агар сиз маълумотларни мессенжердан Facebook’нинг тижорат платформасига узатишга розилик берсангиз, у ҳолда тез кунда ўзингизга таниш бўлган компанияларнинг тижорат эълонларини кўрасиз. WhatsApp телефон рақамларидан ташқари, қуйидаги маълумотларни тўплайди: 

•  Операцион тизим тури
•  Экран ўлчамлари
•  Алоқа оператори
•  Қурилманинг идентификатори (ID)
•  Иловани қўллаш частотаси
•  Мамлакатнинг телефон коди

WhatsApp бу маълумотлардан ташқари компания ошкор қилмаган бошқа маълумотларни ҳам юбориши мумкин. 

WhatsApp’дан Facebook’га шахсий маълумотлар узатилишини қандай тўхтатиш мумкин

Барча фойдаланувчилар ҳам ўзларининг шахсий маълумотлари билан бўлишгилари келмаслиги аниқ, шу боис компания тўпланган маълумотларни Facebook’га узатишдан воз кечиш имконини тақдим этди. Агар сиз WhatsApp’да рўйхатдан ўтган бўлсангиз, бу кузатув функциясини ўчириб қўйишнинг икки йўли мавжуд.

Иловани ишга туширганингизда экранда янги “Конфиденциаллик шартлари ва сиёсати” бўлимининг пайдо бўлганини кўрасиз. Шартларни қабул қилишга шошилманг, ҳаволани босиб, унинг шартларини ўқиб чиқинг. Саҳифанинг қуйи қисмида ўчириш тугмаси бўлади. Агар маълумотларингизни Facebook’га узатишни истамасангиз, у ҳолда белгини олиб ташланг ва тугмани фаоллаштирманг.