Ҳафталик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилди. 

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида давлат ҳокимияти органлари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш учун институционал асослар яратилди, идоралар ўртасида электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилди, аҳоли давлат ҳокимияти органлари фаолиятига оид ахборотдан кенг фойдаланмоқда. Мамлакатимиз Биринчи Президентининг 2013 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури ушбу соҳани янада такомиллаштиришга хизмат қилаётир. 

2004 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “ICTWEEK Uzbekistan” ҳафталиги мутахассислар ва ахборот технологияларидан фойдаланувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. 

Тадбир доирасида 20 сентябрь куни ахборот-коммуникация технологиялари саммити ўтказилади. Унда ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш ва мустаҳкамлаш, соҳадаги ютуқ ва муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашиш мақсадида Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар мутахассислари иштирок этади. 

21-23 сентябрь кунлари Тошкент ва Наманган шаҳарларида анъанавий “ICTExpo – 2016” ахборот-коммуникация технологиялари миллий кўргазмаси бўлиб ўтади. Унда ахборот хизматлари бозорида тақдим этилаётган энг замонавий тизим ва технологиялар намойиш этилади. Мамлакатимиз компаниялари юқори технологияли маҳсулотлар, хусусан, дастурий таъминот, компьютер техникаси, мобиль алоқа ва маълумотлар узатиш хизматларини тақдим этади. Шунингдек, иштирокчилар “электрон ҳукумат” бўйича амалга оширилган лойиҳа ва технологияларнинг энг яхши намуналарини ҳам намойиш қилади. Мазкур экспозиция ягона давлат маълумотлар базасини яратиш ва аҳолига интерфаол хизматлар кўрсатишга доир самарали ечимларни таклиф этиш имконини беради. 

Ҳафталикнинг муҳим воқеаларидан бири бўлган “ICT Forum – 2016”да ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасини янада ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари муҳокама этилади. Жорий йилда мазкур форумда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги етакчи компаниялар вакиллари, экспертлар ва хорижий мутахассислар – жами 800 дан зиёд киши иштирок этади. Унда мавзуга оид саккиз йўналишда юздан ортиқ маъруза тақдим этилади.