Шу кунларда, кўча-кўйда “Green Card, Грин карта тўлдирамиз, АҚШда қонуний яшашни истайсизми?”, каби турли хил эълонлар кўпчиликнинг эътиборини тортган бўлиши шубҳасиз. Аксарият кишиларнинг бу нима эканидан юзаки хабари бор, айримлар нима эканини билишмайди. Биз мазкур қораламада, мазкур масалага атрофлича тўхталишни ният қилдик. 

Грин-карта — бу фуқаро шахсини тасдиқловчи гувоҳнома – United States Permanent Resident Card бўлиб, у АҚШда вақтинча яшаш ва ишлаш ҳуқуқини тақдим этади. 

Унинг ёрдамида сиз:

     -     АҚШнинг исталган штатида истиқомат қилишингиз;
     -     ишлашингиз;
     -     кўчмас мулкка эга бўлишингиз;
     -     давлат мактабида таълим олишингиз ёки фарзандингизнинг таълим олиши;
     -     маҳаллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олишингиз;
     -     АҚШ Қуролли кучларининг айрим турларига хизматга киришингиз;
      -    ижтимоий суғурта, ёшга оид ва ёки меҳнатга лаёқатсизлик бўйича молиявий       
           ёрдам олишингиз, кекса ёшли кишиларга тақдим этиладиган тиббий суғурта  
           бўйича имтиёзларга эга бўлишингиз мумкин.

Вақти келганда эса, 

-  маҳаллий ҳуқуқ имкон берганида, фуқароликни олиш учун ариза топширишингиз;
-  турмуш ўртоғингиз ёки рафиқангиз ва фарзандларингиз учун виза тақдим этишларини сўраб мурожаат қилишингиз;
-  айрим шартларни бажариш билан мамлакатдан чиқиб, қайтиб киришингиз мумкин бўлади.

Грин-карта эгаси таъбир жоиз бўлса, тантанали равишда қуйидаги мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олади.

-  даромад солиғи тўлайди;
-  агар у 18-26 ёшдаги эркак киши бўлса, армияда хизмат қилиш бўйича рўйхатдан ўтади;
-  ўзининг муҳожирлик мақомига риоя қилади;
-  доимий яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни ўз ёнида олиб юради;
-  бошқа жойга кўчса, иммиграция хизматини хабардор қилади.