БМТ янги бош котиби Антониу Гутерриш ҳақида нималарни биласиз?
БМТ янги бош котиби лавозимига тайинланган дипломат - Шарқий Европа вакили ҳам, кўпчилик кутганидек, аёл киши ҳам эмас. ВВС нашри БМТнинг янги бош котиби ҳақида маълумот берди.
Антониу Гутерриш - Ғарбий Европа вакили, Португалиянинг собиқ бош вазири ва қочқинлар иши бўйича олий комиссар.
Янги бош котибнинг иш юритиш усули билан яхши таниш бўлган инсайдерларнинг сўзларига кўра, Гутерриш БМТга янгича ҳаёт бахш этиши мумкин, ташкилот учун эса бу айни муддао.
Кенг омма келаси йилнинг январь ойидан ишга киришадиган БМТ янги бош котиби ҳақида етарлича маълумотга эга эмас.
Антониу Мануэль де Оливейра Гутерриш 1949 йилда Лиссабонда таваллуд топган. У Олий техника институтида муҳандислик иши ва физикани ўрганган.
У 1971 йилда олий таълим муассасасини тугаллаб, катта ўқитувчи лавозимида академик карьерасини бошлаган.
1974 йилда тақводор католик Гутерриш Социалистик партияга аъзо бўлган ва тез орада ўзини буткул сиёсатга бағишлашга қарор қилган.
Социалистларнинг бош котиби лавозимида уч йил хизмат кўрсатгач, Антониу Гутерриш Португалиянинг бош вазири этиб сайланган.
У ҳукумат раҳбари лавозимида 2002 йилга қадар 7 йил фаолият юритди.
2005 йилда португал, испан, инглиз ва француз тилларида эркин суҳбатлашувчи Гутерриш БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссари лавозимини эгаллади.
Унинг раҳбарлик йиллари давомида Женева бош қароргоҳидаги амалдорлар сони қисқарган, шундай бўлса-да, экспертларнинг таъкидлашича, агентликнинг ўз ходимларини "қайноқ" нуқталарга жўнатиб, халқаро инқирозларга ўз вақтида муносабат билдириш хусусияти яхшиланган.
Қочқинлар масаласи бўйича олий комиссар лавозимида фаолият олиб борган Гутерриш дунёнинг ривожланган ва бой давлатлари ҳукуматларини табиий офатлардан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш учун кўпроқ маблағ ажратишга чақирган.
"Биз қочиб келаётган одамлар оқимини ушлаб туролмаймиз. Улар барибир келишади. Қочқинларнинг келишига қанчалик тайёр бўламиз, уларга нисбатан қанчалик инсоний муносабат билдирамиз - бугун бизнинг олдимизда турган саволлар мана шулардан иборат", - деб ёзган Гуттериш ўтган йили Time журналида.
Антониу Гутерришнинг биринчи оиласидан икки нафар фарзанди бор, турмуш ўртоғи 1998 йилда саратон касаллиги туфайли ҳаётдан кўз юмган. 2001 йилда у қайта оила қурган, иккинчи оиласида у турмуш ўртоғининг аввалги никоҳидан бўлган ўғлини ўз тарбиясига олган.
Мавзуга оид
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
17:00 / 05.11.2024
Ўтган юз йилда цунами 260 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди — БМТ
14:10 / 05.11.2024
БМТ: РФ ва КХДР ўртасидаги ҳамкорлик «хавфли эскалация»га олиб келади
13:50 / 05.11.2024