19 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Республика Президенти вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилинди. Съездда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.

Давлат бошқарув тизими фаолияти самарадорлигини ошириш масаласи ЎзЛиДеПдан номзоднинг сайловолди дастурида асосий йўналишдан бири ҳисобланади.

Номзод ўз маърузасида давлат бошқарув тизими фаолиятига танқидий баҳо берган.

«Холисона айтганда, бугун аксарият давлат идораларининг иш услуби давр талабига тўлиқ жавоб бермайди. Айрим вазирлик ва идоралар аҳоли муаммоларини ҳал этишда расмиятчиликка йўл қўймоқда, улар кўпинча қуруқ рақам ва маълумотлар тўплаш билан овора. Вазирлик ва идораларда улар масъул бўлган соҳалардаги аҳволни чуқур таҳлил қилиб, камчиликларни тизимли равишда аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган фаолият етарли даражада йўлга қўйилмаган», — деди бош вазир ва Президент вазифасини бажарувчи.

У ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, қонунлар ижросини таъминлаш, жойлардаги давлат бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириш борасида маҳаллий ҳокимликларнинг вазифа ва ваколатларини ҳам такомиллаштириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

«Шу ўринда ҳокимлик идораларининг моддий-техник базасини тубдан мустаҳкамлаш, уларнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини мутлақо қайта кўриб чиқиш зарурлигини қайд этмоқчиман», — деди Шавкат Мирзиёев.

У жорий йилда бош вазирнинг 2 та ўринбосари, 22 та вазир ва идоралар раҳбарлари, Тошкент вилояти, Жиззах, Қарши ва Термиз шаҳарлари ҳамда 21 та туман ҳокимлари лавозимларидан озод этилганини эслатиб ўтди.

«Муаммоларнинг асосий сабаби — кадрларни танлаш, тарбиялаш ва жой-жойига қўйиш жараёнлари билан бевосита боғлиқ. Янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, ҳалол кадрларни танлаш ва тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилмас экан, давлат бошқарувида сифат ўзгариши юз бермайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қиладиган вақт келди. Афсуски, ҳаётда бунинг аксини кўрсатадиган баъзи бир рақамларга сизнинг эътиборингизни қаратмоқчиман. Шу йилнинг ўзида Вазирлар Маҳкамасига, вазирлик ва идораларга, барча даражадаги ҳокимликларга тушган мурожаатларнинг умумий сони 338 мингтани ташкил этди. Улардан 200 мингдан ортиғи ёки 60 фоизи туман ва шаҳарлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу рақамлар жойларда одамларнинг дарду ташвишлари билан ҳеч бир мутасадди раҳбар астойдил шуғулланмаётганини кўрсатади», — маълум қилди Президентликка номзод.