Savollar.islom.uz портали фойдаланувчиларидан бири қуйидаги савол билан мурожаат этган: “Ассалому алайкум! Саволим ноўрин бўлса узр сўрайман. Билишимизча, Одам алайҳиссаломнинг жуссалари жудаям катта бўлган. Антропологлар томонидан Одам алайҳиссаломнинг суяклари топилганми ёки бу ҳақда бирон бир маълумот мавжудми?”

Ушбу саволга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (раҳимаҳуллоҳ) ҳазратлари жавоб қайтарганлар. 

“Ва алайкум ассалом! Мабодо антропологлар суяк топишган бўлса ҳам у Одам алайҳиссаломнинг суяклари эмаслиги 100 фоиз аниқ. Чунки пайғамбар алайҳимуссаломларнинг жасадлари чиримаслиги ҳадисларда келган. Мабодо ким бўлса ҳам “бирорта пайғамбарнинг суякларини топдик”, деса ҳам, хато қилган бўлади. Одам алайҳиссаломнинг қабрлари қаердалиги аниқ маълум эмас.

Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Албатта, афзал кунларингиздан бири Жумъа кунидир. Унда Одам халқ қилинди. Унда унинг жони қабз қилинди. Унда пуфлаш бордир. Унда қаттиқ қичқириқ бордир. Бас, унда менга саловотни кўп айтинглар. Чунки саловотларингиз менга арз (намойиш) қилинур», дедилар. Саҳобалар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сиз чириб кетган бўлсангиз, қандай қилиб бизнинг саловотимиз сизга арз қилинур?», дедилар. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла ерга анбиёларнинг жасадларини ҳаром қилгандир», дедилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва салом айтиб туриш ҳар бир банданинг бурчидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шунга амр қилган. Аммо Жумъа куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш яна ҳам зарур ва алоҳида фазилатга эга эканлигини ушбу ҳадисдан билиб оламиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишнинг аҳамиятини Жумъа кунининг афзал кун эканлигига боғламоқдалар. Шунинг учун ҳам ҳадиснинг аввалида Жумъа кунининг ўзига хос сифатларидан баъзиларини санаб чиқмоқдалар.

Булардан Жумъа куни Одам алайҳиссалом халқ қилинганликлари, худди шу куни у зотнинг жонлари қабз қилинганлигини олдин ўрганган эдик.
Ҳадиси шарифдаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Унда пуфлаш бор», деганларининг маъноси Қиёмат кунида сурга Исрофил алайҳиссалом томонидан пуфлаб чалиш борлигини айтишдир.