Жаҳон | 12:21 / 13.11.2016
7753
4 дақиқада ўқилади

НАТО бош котиби АҚШни ўзаро муносабатларни қайта кўриб чиқмасликка чақирди

Фото: Reuters

НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг билдиришича, Европа ва АҚШ ҳамкорлиги икки томон манфаатлари учун хизмат қилади. The Guardian нашри хабар беришича, у АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трампга мурожаат қилган.

Ўзининг сайловолди кампаниясида Трамп НАТОни “эскирган ташкилот” деб атади ва унинг аъзоларидан уларнинг ташкилот олдида турган вазифаларини тўлиқ бажаришни талаб қилди, жумладан мудофаа учун мўлжалланган харажаатлар борасида. Ушбу баёнотлардан кейин АҚШда Трамп НАТОнинг коллектив хавфсизлик концепциясига ишонмай қараётгани ҳақида фикрлар пайдо бўлди.

«Бизнинг қаршимизда бутун авлод хавфсизлигини таъминлаш масаласи турибди. Ҳозирги кунда Европа ва АҚШ ҳамкорлигининг қай даражада муҳимлигини шубҳа остига қўйиш палласи эмас», — деган у.

«Европа ва АҚШ ҳамкорлиги икки томоннинг умумий манфаатлари ва қадриятлари асосига қурилган. Бу ҳамкорлик тўғри олиб борилса, жон сақлаб қоламиз. Қўшма Штатлар айни вақтда НАТО харажатларининг 70 фоизини қоплайди ва молиявий юкнинг қай тариқа тақсимланишини белгилаш ҳуқуқига эга ҳисобланади», — дея қайд этган Столтенберг.

У НАТО аъзолари ЯИМнинг 2 фоизини мудофаа учун ажратишга ваъда берганини эслатиб ўтган.

«Бизнинг қарашларимиз турли-туманлашуви ўрнига бирлашган ҳолда ривожланишимиз керак. Биз муҳим қарорларни қабул қилиш йўлида бирга ишлаш учун доно бўлишимиз ва узоқни кўрабилишимиз керак», — дея қўшимча қилган Столтенберг.

«НАТО ўз уставининг 5 бандига мувофиқ (альянс аъзоларидан бирига ҳужум қилинган ҳолда, унинг бошқа аъзолари ёрдамга келиши ҳақида), АҚШга 11 сентябрь терактларидан кейин ёрдам кўрсатди. НАТО Афғонистондаги операция учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. У ерда ўн минглаб альянс аскарлари хизмат қилди. Улардан мингдан ортиғи қурбон бўлди. Буларнинг ҳаммаси АҚШга нисбатан қилинган ҳужумга тўғридан-тўғри берилган жавоб бўлди», — дейди альянс бош котиби. 

Бундан аввалроқ ОАҚда НАТО раҳбарияти АҚШдаги сайловларда Дональд Трамп ғолиб чиққани муносабати билан, 2017 йил аввалида ўтказилиши белгиланган саммитни кейинга қолдиришга қарор қилгани ҳақида хабар тарқатилганди.

Германиянинг Spiegel нашри НАТО бош котиби Йенс Столтенбергга яқин манбаларига таяниб хабар беришича, баҳорга режалаштирилган саммит ёзга кўчирилади. Бу вақтгача альянс раҳбарияти АҚШнинг янги президенти Дональд Трампнинг ҳарбий ташкилотга муносабати қандай бўлишини тушуниб олмоқчи.

НАТО АҚШнинг альянс фаолиятидаги ролини анча камайтирадиган сценарийни кўриб чиқмоқда. Хусусан, бунда гап АҚШнинг Шарқий Европа мамлакатларига қўшимча бўлинмаларни юборишдан бош тортиши, шунингдек, Европа ҳудудидаги Америка ҳарбий контингентининг умумий қисқартирилиши ҳақида бориши мумкин.

Нашр эслатишича, шу йилнинг июлида Дональд Трамп НАТОга аъзо мамлакатлар учун хавфсизлик кафолатини автоматик тарзда узайтиришга розилик беришини гумон остига олган эди. Апрелда эса НАТОнинг тарқалиб кетиши эҳтимолини нормал ҳолат деб атаган эди.

НАТО Трамп ғалабаси туфайли АҚШ томонидан молиялаштириш қисқартирилишидан хавфсирамоқда

Мавзуга оид