
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.
Ҳозирги кунимизда динимиз кўрсатмаларига амал қилиш амри маҳол, тақво ва парҳезкорликни, ҳоссатан бировларнинг ҳақидан қўрқмоқлик кўпчилик учун гўёки амалга ошмайдиган хомхаёлдан ўзга нарса эмас.
Тўғри, Ислом тарихини ўргансак, ўтган улуғларимизнинг ҳар бири юқорида зикри ўтган фазилатларни ўзида мужассам қилиш борасида барчага намуна бўладиган даражада ҳаёт кечирганлар. Буни ҳаммамиз яхши биламиз. Лекин бизнинг айбимиз: «Уларнинг даврларида бошқача эди, атроф-муҳит, шарт-шароит, барча фазилатларни ҳосил қилиш учун имконият чексиз бўлган, ҳозир эса умуман бошқача. Агар тақво қиламан десанг умуман яшай олмайсан», деган баҳоналар билан ўзимизни овутамиз.
Аммо бу баҳоналаримиз дунё-охиратда ҳеч қандай муаммони ҳал этмайди, енгиллаштирмайди ва жавобгарлигимиздан соқит ҳам қилмайди. Чунки бизнинг шариатимиз ҳар қандай замон ва маконга мос бўлган шариатдир. Шунинг учун ҳам бу шариат аҳкомлари Қиёмат кунигача боқийдир.
Агар баъзилар ўйлаганларидек, у маълум бир замон ва маконга хос бўлганида, аллақачон бошқа динларга ўхшаб шариат аҳкомлари бекор қилинар эди. Хулоса шуки, ҳозирги замонда ҳам шариатимиз аҳкомларига амал қилиб, тақвони ўзига шиор қилиб, унга мувофиқ ҳолатда ҳаёт кечираётганлар оз эмас. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун икки замондошимизнинг ҳаётида бўлган ҳодисаларни ибрат тариқасида келтириб ўтсак.
Биринчи воқеа: Яқиндагина бир ёшгина йигитча келиб: «Устоз, дуо қилинг, имтиҳон натижалари эълон қилиниш арафасида турибмиз. Аллоҳ таоло ўзи шарманда қилмасин, яхши баҳо чиқсин», деб дуо сўради. Дуо қилиб бўлганимдан кейин эса: «Устоз, бир нарсадан ниҳоятда ҳижолатдаман. Ёшлик қилдим, имтиҳонга кираётганимда бир йигит қўлимга ручка берди. Бу ручка билан хато ёзилган жойларни бемалол ўчириб, бошқатдан ёзиш имконияти бор экан. Имтиҳонга кираётганимизда текширувчилар ўша ручкани ҳам кўришди, лекин ҳеч қандай эътироз билдиришмади. Мен ҳам нафсимга берилиб, у ручкадан имтиҳон давомида бир неча маротаба фойдаландим, яъни хатоларимни ўчириб, тўғирладим. Энди эса қилган ишимдан ниҳоятда пушаймонман, хиёнат қилдимми, деб қўрқаяпман. Ўзи бошида ота-онам: «Пул бермасанг барибир кира олмайсан», деган эдилар. Лекин мен агар пора бериш йўли билан кирадиган бўлсам, ўқимай қўяқоламан, деб жавоб берган эдим. Бир ҳаромдан қочиб, ўзим билмаган ҳолда иккинчи бир ҳаромни қилиб қўймадимми, дея ҳижолатдаман» – деди.














