17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида “Фуқаролар сайлов ҳуқуқлари ишончли ҳимоясини таъминлашнинг қонунчилиги ва амалиёти: Ўзбекистон ҳамда Германия тажрибаси” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил қилинган мазкур давра суҳбатида Бош прокуратура, Олий суд, Адлия, Ички ишлар вазирликлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқшунос-олимлар, германиялик сиёсатшунослар, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти экспертлари қатнашди. Анжуманда, шунингдек, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси кузатувчилари ҳам иштирок этди.

Тадбир қатнашчилари фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини шакллантириш, фуқароларнинг сайлаш эркинлиги ҳамда жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолатлари борасидаги миллий ҳамда хорижий тажрибани кўриб чиқдилар.

Ўзбекистонда давлат бошқаруви изчил модернизация қилиниши натижасида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш бўйича энг юқори халқаро демократик тамойил ҳамда стандартларга жавоб берадиган самарали ҳуқуқий асос яратилгани алоҳида таъкидланди. Ҳуқуқий ҳимоя чоралари фуқароларнинг мурожаатларини суд билан боғлиқ бўлмаган ҳамда суд жараёнида мустақил, шаффоф ва холис кўриб чиқиш воситалари мажмуини ўз ичига олади.

Мамлакатимиз қонунчилигида бу турдаги мурожаатларни кўриб чиқишга доир ҳуқуқий тартиб-таомиллар аниқ тартибга солинган. Жумладан, мурожаат қилиш тартиби ҳамда муддатининг бир хиллиги, уларни тегишли органлар томонидан ўз вақтида, очиқ ва транспарентлик тамойиллари асосида кўриб чиқиш, сайлов комиссиялари қарорларини суд ҳокимияти томонидан қайта кўриб чиқиш имконияти кўзда тутилади.

Ҳар бир фуқарога рўйхатга киритилмаганлик, нотўғри киритилганлик ёки рўйхатдан чиқарилганлик юзасидан, шунингдек, рўйхатда сайловчи тўғрисидаги маълумотларни кўрсатишда ноаниқликка йўл қўйилганлик хусусида шикоят қилиш ҳуқуқи берилади. Бу масалага доир ариза участка сайлов комиссияси томонидан кўриб чиқилади, аризани участка сайлов комиссияси кечи билан йигирма тўрт соат ичида, сайлов арафасида ва сайлов куни эса дарҳол кўриб чиқиши шарт.

Комиссия қарори устидан туман (шаҳар) судига сайловдан кечи билан уч кун олдин шикоят қилиниши мумкин, туман (шаҳар) суди шикоятни йигирма тўрт соат ичида кўриб чиқишга мажбур.

Қолаверса, участка сайлов комиссиялари қарори ва хатти-ҳаракатлари юзасидан юқори турувчи сайлов комиссияларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат этиш мумкин. “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, бундай мурожаатлар Олий судга келиб тушган кундан бошлаб уч кун давомида, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса – дарҳол кўриб чиқилиши лозим.