Умуман бошқа маданиятга эга бой мамлакатга пул топиш учун бориш жиддий ҳаёт синовидир. Бегона муҳит босимини ҳамма ҳам кўтара олмайди. "Лента.ру" нашри хорижда яшовчи россиялик йигит - Михаилнинг ҳикоясини ўқувчилар диққатига ҳавола қилди. 

"2007 йилда мен Ярославлда Педагогика университетини тугалладим. Аспирантурага киргач, Америка ҳукумати томонидан молиялаштирилган, ёш ўқитувчиларга мўлжалланган Full Bright дастурида ғолиб бўлдим.

Мен 4 йил Пенсильвания штатида яшадим. Индиана шаҳридаги университетда рус тили ўқитувчисининг ассистенти сифатида фаолият олиб бордим. Кейин 3 йил Вашингтонда яшаб, маркетинг билан шуғулландим. Визани узайтириш вақти келганда дўстим билан Дубайга кўчиб ўтишга қарор қилдим. 

БАА ҳақида ҳеч нарса билмас эдим. Дўстим менга шундай вариантни таклиф қилди - у Ўзбекистонга, мен эса Россияга қайтишни истамасдик. Интернетдаги маълумотларни ўрганиб, сайёҳлик визаси бўйича бир ойга маҳаллий муҳитни ўрганишга бордик. БААга келгач, бўш иш ўринларини кўриб чиқдик ва мана тўрт йилдирки шу ердамиз. 

Бу ерга кўпчилик дастлаб сайёҳ сифатида келиб, кейинчалик иш топишади. 2-3 йилга ишчи визани очиш осон - тиббий таҳлилларни топширгач, икки ҳафтада тайёр бўлади. Дўстим тақинчоқлар дўконига жойлашди, мен эса ярим йилдан кейин қўшни амирлик - Шаржада жойлашган рус-украин авиация компаниясига таржимон бўлиб ишга кирдим. Мамлакатда етти амирлик мавжуд, Шаржа ҳам энг машҳур уч амирликнинг бири ҳисобланади. Дубай ва Абу Даби ислом маданиятига эга бўлса-да, бироқ етарлича очиқ шаҳарлар. Шаржа эса - амирликлар орасида ўзининг қатъий қоидалари билан ажралиб туради, бу ерда спиртли ичимликлар ва ҳаттоки чилим йўқ.  

Мен ишга жойлашган фирма МИ-8 вертолётларига хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш ишлари билан шуғулланади. Ходимларнинг бир қисми - МДҲ давлатларидан. Ҳужжатларнинг ярми - инглиз тилида эди ва мен уларни таржима қилардим. 

Компания БААда жойлашган бўлса-да, у ерда ҳам буйруқбозлик, маошларни вақтида бермаслик ва нопрофессионал ёндашувга дуч келдик. Мен хавфсизлик ва сифат назорати бўлими ходими эдим, шу боис хатолар учун жавобгарлик менинг зиммамга ҳам тушиши мумкин эди. Хавф-хатарларни ҳисобга олиб, бу ердан кетишга қарор қилдим.