Жамият | 13:50 / 22.11.2016
65751
4 дақиқада ўқилади

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш қоидалари ўзгарди

Фото: Kamolot.uz

Ўзбекистон Республикасида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, олий ўқув юртларига тўлов-шартнома шакли асосида ўқишга кирган талабаларга “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати моддий ёрдам кўрсатиб келар эди. Эндиликда, мазкур ёрдамни кўрсатиш қоидаларига ўзгартиш ва тузатишлар киритилди, деб хабар қилмоқда “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати матбуот хизмати. 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг 2016 йил 26 сентябрдаги 73, 4-2016-сон қўшма қарорига мувофиқ, Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва олий таълим муассасаларига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш Қоидаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 31 октябрдаги ПҚ–213-сон “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга бериладиган имтиёзлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш шартлари ва тартибини белгилайди.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабалар жорий ўқиш йилида Ҳаракатнинг олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилоти фаолиятида фаол қатнашган тақдирда Ҳаракат томонидан моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлишар эдилар.

Талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишнинг янги тартибига кўра, ҳар йили 1 февралдан кечикмасдан олий таълим муассасаси Ҳаракатнинг олий таълим муассасасидаги бошланғич ташкилоти Кенгашига Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган ва олий таълим муассасасига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабаларнинг (бундан буён матнда талабалар деб юритилади) рўйхатини, шунингдек, уларнинг ўзлаштириши ва интизоми тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилади.

Талабалар эса 20 февралдан кечикмай, Ҳаракатнинг бошланғич ташкилоти Кенгашига Ҳаракат томонидан моддий ёрдам кўрсатилиши тўғрисида ариза билан мурожаат қиладилар. 1 мартдан 5 мартга қадар бўлган муддатда Ҳаракатнинг бошланғич ташкилоти Кенгаши талабаларнинг аризаларини кўриб чиқади ҳамда мазкур Қоидаларда белгиланган кўрсаткичлар асосида Ҳаракат томонидан моддий ёрдам кўрсатиш учун тавсия этиш бўйича қарор қабул қилади.

Таъкидланишича, талабанинг ўрганилаётган даврдаги ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 71 ва ундан юқори фоиз бўлиши лозим. Ҳаракатнинг бошланғич ташкилоти Кенгашининг моддий ёрдам кўрсатиш учун талабаларни тавсия этиш тўғрисидаги қарори жорий ўқув йили мобайнида ҳақиқий ҳисобланади.

Ҳаракатнинг Марказий Кенгаши талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин ўн банк куни мобайнида олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлар бўйича шахсий ғазна ҳисоб варақларига моддий ёрдам кўрсатиш пулини ўтказади.

Талаба моддий ёрдам олиш ҳуқуқидан воз кечса, олий таълим муассасаси талаба учун тўланган маблағни Ҳаракатнинг Марказий Кенгашига ўн кун ичида қайтаради.

Мазкур Қоидалар талабларининг бажарилиши, шунингдек, Ҳаракат томонидан моддий ёрдам кўрсатилган талабаларнинг ўқув жараёнидаги иштироки, уларнинг ўзлаштириши, интизоми ва Ҳаракат фаолиятидаги иштироки устидан назорат қилиш тегишли равишда олий таълим муассасаси ҳамда Ҳаракатнинг бошланғич ташкилоти Кенгаши зиммасига юклатилган.

Мавзуга оид