Ўзбекистон | 14:46 / 28.11.2016
16787
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда кўп қаватли автотураргоҳлар қурилиши бошланди

Фото: uz24.uz

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар сайловчилари билан учрашувда Тошкент шаҳрида амалга оширилажак лойиҳалар ҳақида гапирди. Номзоднинг учрашувдаги нутқи тўлиқ ҳолда «Тошкент оқшоми» газетасида чоп этилган.

Унинг маълум қилишича, Тошкент шаҳрида 4та кўп қаватли автотураргоҳларни қуриш ишлари бошлаб юборилган. 

Номзоднинг айтишича, енгил автомобил ҳайдовчиларига қулайлик яратиш мақсадида шаҳарнинг Мирзо Улуғбек, Сергели ва Яшнобод туманларида 4та кўп қаватли автотураргоҳларни қуриш ишлари бошлаб юборилди. Шундай гаражларни барпо этиш мақсадида келгуси 5 йилда яна 84та лойиҳа амалга оширилади.

Сергели туманининг "Сергели-6" мавзесида жойлашган 400та автомобилга мўлжалланган кўп қаватли автотураргоҳ қурилишига жами 7,5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, у 2017 йилда ишга туширилади.

Шунингдек, автобус, метро ва бошқа турдаги жамоат транспортларининг фаолиятини кенгайтириш борасида ҳам муҳим ишлар амалга оширилади.

«Келгуси 5 йилда умумий қиймати қарийб 390 миллиард сўм бўлган 4та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Шаҳарда серқатнов, тирбанд ҳудудлар бўйича 80та янги автобус йўналиши ташкил этилади. Ҳар йили катта ва ўрта сиғимдаги 100та автобус харид қилинади. Бу мақсадларга маҳаллий бюджет ҳисобидан 335 миллиард сўм маблағ йўналтирилади»,  – деган Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид