Жаҳон | 12:10 / 14.12.2016
14437
2 дақиқада ўқилади

Филиппин президенти қотилликлар қилганини тан олди

Филиппин президенти Родриго Дутерте Давао шаҳри ҳокими бўлган пайтида жиноятчиларни шахсан ўлдирганлиги ҳақида маълум қилди. У буни полиция ходимларига жиноий унсурлар билан кураш шафқатсизларча олиб борилиши кераклигини тушунтириш мақсадида амалга оширган. Бу ҳақда президент куни кеча маълум қилди.

"Даваода мен буни шахсан қилганман. Бу полициячиларга агарда мен буни қила олсам, улар ҳам қилиши мумкинлигини кўрсатиб бериш мақсадида амалга оширилган", - дея давлат раҳбарининг сўзларини келтиради AFP агентлиги.

Агентлик маълумотларига кўра, Филиппин етакчиси Давао кўчаларини ўз шахсий мотоциклида "ўлдириш имкониятини қўлга киритиш учун можароли вазиятларни топиш мақсадида" кезиб юрган.

Эслатиб ўтамиз, 71-ёшли Родриго Дутерте жорий йилнинг 30 июнь куни Манила маъмурияти раҳбари лавозимига киришган. Аввалроқ у етти йил мобайнида Давао шаҳри ҳокими бўлиб ишлаганди.

Дутерте президент бўлгач мамлакатда гиёҳванд моддалар тарқатилиши билан жиддий кураш авж олди. Унинг оқибатида бир неча минг киши ҳалок бўлди.
 

Мавзуга оид