Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси тўғрисида ахборот Тошкентда 2016 йил 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. 

Шавкат Мирзиёев қасамёд қилди ва Ўзбекистон президенти сифатида лавозимига киришди.

Қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига номзодни тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.

Конституциянинг 98-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия томонидан кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига тавсия этилади. Шунга мувофиқ Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгашининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида Бош вазир лавозимига номзод кўрсатилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига мамлакатимиз Бош вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдулла Ниғматович Орипов номзодини тавсия этди. 

«Биз бу масала бўйича жуда кўп ўйлаб, тегишли маслаҳатлар қилдик. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раҳбарияти ва фаоллари билан ҳам атрофлича маслаҳатлашдик. Ўтказилган муҳокамаларда билдирилган барча фикр-мулоҳазаларни эътиборга олган ҳолда, мен ушбу лавозимга ҳам амалий соҳада, ҳам марказий идораларда кўп йиллик бошқарув тажрибасига эга бўлган, 11 йил давомида Бош вазирнинг ўринбосари бўлиб ишлаган Абдулла Ниғматович Орипов номзодини тавсия этаман», – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари йиғилганларни Абдулла Ориповнинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Номзоднинг касб малакаси, билим ва тажрибаси, инсоний фазилатлари ҳақида гапирди. 

«Барчамиз яхши биламиз, ҳозирги пайтда бутун дунёда ахборот-коммуникация технологиялари даври, деди Шавкат Мирзиёев. Бу соҳа соат сайин шиддат билан ривожланмоқда. Ҳозирги кунимиз ва келажагимизни, бу соҳа ривожисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. 

Бугунги кунда мамлакатимизда “Электрон ҳукумат” тизимига ўтиш борасида жуда катта ишлар бошланган ва уларни босқичма-босқич мантиқий давом эттириш муҳим вазифа сифатида кун тартибида доимий тарзда туради.