Ўзбекистон | 14:20 / 19.12.2016
15745
2 дақиқада ўқилади

Мирзо Улуғбек туманини ривожлантириш дастури қабул қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “2017-2019 йилларда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги дастурни имзолади.
 
2019 йилгача комплекс ривожлантириш дастурига мувофиқ, ушбу туман ҳудудида қурилиш борасида янги инвестиция лойиҳаларни ташкил этиш, озиқ-овқат ва истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи саноат қувватларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш ҳамда қурилиш моллари ишлаб чиқариш бўйича корхоналар барпо этиш кўзда тутилган. Умумий ҳисобда 108та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Шундан 76таси 2017 йилда, 22 таси 2018, 10таси 2019 йилда амалга оширилади. Қишлоқ хўжалиги техникалари, тиббиёт ускуналари ва жиҳозлар, дорилар, текстил моллари, пластмасса маҳсулотлари, мебель, нефть маҳсулотлари ва бошқаларни ишлаб чиқиш йўлга қўйилади. 

Бундан ташқари, дастурга мувофиқ, хизмат кўрсатиш соҳасини ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар, жумладан, спорт-соғломлаштириш мажмуаларини модернизаци қилиш ва барпо қилиш, тиббий ва стоматология хизматлари, ўқув марказлари, транспорт хизматлари, савдо-хўжалик мажмуалари, кўнгилочар минипаркларни қуриш назарда тутилган. 

2019 йилгача Мирзо-Улуғбек туманида 15дан ортиқ кўп хонадонли тураржой, Буюк Ипак йўли ва Гулсанам кўчалари кесишмасида "Наврўз деҳқон бозори" ҳам қурилади. 

Шу билан бирга, 97та кўчада автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш, 52та мавзелараро йўлларни капитал таъмирлаш, 12та мактабни капитал таъмирдан чиқариш белгиланган. 

Мавзуга оид