Турли мамлакатлар етакчилари ўртасидаги масофали мулоқот - одатий ҳол. Бироқ, ОАВга кўра, Барак Обама сайловлар арафасида Россия президентига АҚШдаги овоз бериш жараёнларига аралашишга йўл қўйилмаслиги ҳақида айтиш учун Москва билан махсус "қизил телефон" орқали боғланган.
Манбага кўра, бу ўша "қизил телефон" эмас, шунчаки ёпиқ алоқа канали бўлган.
Шундай бўлса-да, бу қандай телефон?
Энг аввало, дунё етакчиларининг бу каби музокаралари қандай ташкил этилишини англаб етиш лозим.
Музокаралар
Масалан, АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп Германия федерал канцлери Ангела Меркелга қўнғироқ қилмоқчи. Бу қандай амалга ошади? Куннинг исталган пайтида мобил телефон орқалими? Эҳтимол, смс'нинг ўзи етар?
Албатта, ҳаммаси у қадар осон эмас. Амал қилиниши керак бўлган маълум бир регламент бор, президент маъмурияти ходимлари ва бошқа амалдорлар томонидан муайян тайёргарлик кўрилиши керак.
Агар икки мамлакатнинг муносабатлари барқарор бўлса, томонлардан бирининг оператив маркази бошқаси билан боғланиб, "президентимиз сизнинг раҳбарингиз билан суҳбатлашишга тайёр" дейилса, бас.
Алоқалар у қадар яқин бўлмаса, мамлакатлардан бирининг элчиси ўз раҳбари номидан расмий сўров юбориши керак бўлади. Томонлар телефон қўнғироғининг сабаблари, бўлғуси суҳбат мавзусини муҳокама қилишади, шундан сўнг унга президентнинг (канцлернинг ёки вазирнинг) жадвалидан бўш вақт излашади.
2014 йилда Yahoo News мухбири Оливье Нокс Барак Обама, кенжа Жорж Буш ва Билл Клинтоннинг ёрдамчиларидан АҚШ президентларини хориж раҳбари билан суҳбатга қандай тайёрлашлари ҳақида батафсил сўраб билишга ҳаракат қилди.
Бу иш билан суҳбатдоши ҳақида тўлиқ маълумотни тайёрловчи Миллий хавфсизлик кенгаши (NSC) шуғулланади. Унда барча маълумотлар бўлади - суҳбатдошнинг феъли, шахсий ҳаёти, яқинларининг саломатлиги ва ҳ.к.
Масалан, бирор бир мамлакат президенти турмуш ўртоғининг тоби қочиб қолса, NSC унга албатта хушмуомала бўлишни ва рафиқасининг саломатлиги ҳақида сўрашни эслатиб қўяди.
Президент ёрдамчиларидан бири эски ва қадрдон телефон аппарати нимаси билан яхши эканлигига изоҳ берди. "Бундай суҳбат вақтини кўчиришга ҳожат қолмайди. Телефонни ёқиш ва хавфсизлантириш нисбатан осон. Бундай телефон деярли ҳаммада бор", - дея изоҳ берди у.
Шуниси диққатга сазоворки, Уотергейт можаросидан кейин бундай суҳбатлар ёзилмайди. Бироқ бирйўла бир неча NSC ходими суҳбатни эшитиб, уни матн кўринишида чоп этишади.


















