Жаҳон | 14:19 / 26.12.2016
5856
2 дақиқада ўқилади

Хитойда кўмир шахтасидаги ҳалокат сабаб 17 киши қамоққа олинди

Фото: AFP

Хитой суд органлари Чунцин муниципалитетидаги кўмир шахтасида рўй берган ҳалокат иши бўйича 17 гумондорни қамоққа олди. Бу ҳақда Синьхуа агентлиги хабар бермоқда.

Лайсу шаҳридаги хусусий кўмир шахтасида 31 октябрь куни портлаш содир бўлганди. Ҳодиса рўй берган пайтда 35 киши ер остида бўлган, атиги икки киши қутқариб олинди. 

Агентлик маълумотларига кўра, суд органлари шахтага тўғридан-тўғри алоқада бўлган 10 кишини, шунингдек маҳаллий маъмурият ва назорат органларида хизмат қилувчи етти кишини ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқаришган. Яна бир шахс уй қамоғида.

Аввалроқ, дастлабки текширув шахтада эскирган, фойдаланишга яроқсиз асбоб-ускуналар ишлатилгани, оддий ҳаво алиштириш тизимининг бўлмагани, шунингдек соғлиқ ва ишлаб чиқариш хавфсизлигида жиддий қоидабузарликлар бўлганини аниқлаганди. Бундан ташқари, шахта лицензия бўйича рухсат берилгандан кўра кўпроқ кўмир қазиб чиқариш билан шуғулланган.

Хитой ишлаб чиқаришда хавфсизликни назорат қилиш бўйича давлат бош бошқармаси шахтадаги ҳалокатдан сўнг мамлакат кўмир конларини оммавий равишда текширувдан ўтказа бошлади. Маҳкама маълумотларига кўра, барча вилоятлар бошқармалари ҳамда бошқа маҳкама остидаги органларга 2017 йилнинг 25 январига қадар ўз назоратларидаги шахталар ҳолати ҳақида ҳисобот тақдим этиш мажбурияти юкланган.

Маълумот учун, Хитой тоғ-кон саноати дунёдаги энг хавфлилардан бўлиб, ҳар йили минглаб кончилар ҳалок бўлади. Ҳукумат эса сўнгги йилларда хавфсизликни кучайтириш бўйича ишларни фаоллаштирди.

 

Мавзуга оид