Бугун Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ФИФАнинг тақдирлаш маросими ўтказилади, унда 2016 йилнинг энг яхши футболчисига ҳам мукофот топширилади ва бу мукофот эгаси деярли аниқ - Криштиану Роналду. Трибуна ушбу маросим анонсини тақдим этади.
Бу қандай бўлганди?
Узоқ вақтлардан буён Европа ва дунё футболида энг нуфузли индивидуал мукофот «Олтин тўп» эди ва бу мукофотни France Football журнали эгасига топширар эди. 1991 йилда ФИФА ҳам йилнинг энг яхши футболчиси учун мукофотини таъсис этди – «Бриллиант тўп». Мукофот эгасини терма жамоалар бош мураббийлари ва сардорлари аниқлашарди, илк лауреат германиялик Лотар Маттеус бўлган.
Қарийб 20 йил мобайнида бу икки мукофот параллел равишда топшириб келинди. Баъзида икки мукофотга ҳам бир футболчи эга чиқар, баъзида ундай бўлмасди. Охирги марта лауреатлар икки киши бўлган: 2004 йилда «Олтин тўп»ни Андрей Шевченко, «Бриллиант тўп»ни эса Роналдиньо олган.
2010 йилда бу икки мукофот бирлаштирилди. ФИФА ва France Football нашрига эгалик қилувчи Amaury Group компанияси ЖАРдаги жаҳон чемпионати вақтида, Йоханнесбург шаҳрида келишувга эришди ва эндиликда «Олтин тўп» мукофоти миллий терма жамоалар мураббийлари ва сардорлари, шунингдек, журналистларнинг овоз беришлари натижасида топшириладиган бўлди.
Ўтган йил охирида 6 йиллик шартнома муддати якунига етди. Янги келишувга эришилмади ва энди яна France Football ва ФИФА ўз мукофотларини алоҳида тақдим этадиган бўлди.
Бу қандай бўлади?
ФИФА «Бриллиант тўп»ни қайтаришни истамади ва The Best номли янги мукофот таъсис қилди. ФИФА талқини бўйича энг яхшисини аниқлаш терма жамоа мураббийлари ва сардорлари (25 фоиздан), мухлислар (25 ) ва ФИФА рўйхатдан ўтказган журналистлар (25 фоиз) томонидан аниқланади.
The Best платинадан тайёрланган, баландлиги 31 см, оғирлиги эса – 6,4 кг. У номзодларнинг барчаси учун бир хил (аёллар ва эркаклар ҳамда мураббийлар учун).
Бугунги тақдимот маросимида америкалик таниқли актриса ва продюсер Ева Лонгория ҳамда германиялик шоумен Марко Шрайль бошловчилик қилишади.
















