Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эълон қилинди. Қарор матни ЎзА сайтида келтирилган.

Автотранспорт хизматлари билан таъминлаш соҳасини янада такомиллаштириш, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга эришиш ҳамда мамлакат шаҳар ва қишлоқларида аҳоли бандлиги муаммоларини ҳал этишда автотранспорт хизматлари кўрсатишнинг ролини кучайтириш, йўловчилар ташиш хавфсизлигини ошириш ва атмосферага зарарли ташламаларни қисқартириш мақсадида: 

1. Қуйидагилар республикада автомобиль транспортида йўловчилар ташишни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин: 

ҳаракатдаги таркибни замонавий, қулай автобуслар ва микроавтобуслар билан янгилаш, йўналишларни оқилона ташкил этиш ва кенгайтириш, йўл қопламаларини биринчи навбатда қишлоқ жойларда яхшилаш ҳисобига аҳолининг автомобилларда ташувларга бўлган талаб-эҳтиёжини янада тўлиқ қондиришни таъминлаш; 

йўловчилар ташиш хавфсизлиги чора-тадбирларини кучайтириш, йўналишлар бўйича ҳаракатланиш жадвалларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, кўрсатилаётган хизматларнинг сифат даражасини ошириш, йўловчилар ташиш соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини шакллантириш, йўлкира ҳақи учун нақд пулсиз тўлов тизимини жорий этиш; 

автобуслар ва микроавтобуслардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, автомобиль транспорти корхоналарининг молиявий-иқтисодий ҳолатини мустаҳкамлаш; 

йўловчилар ташишни бошқариш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш. 

2. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги зиммасига йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини оширишга йўналтирилган комплекс амалий чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ва тизимли асосда амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш вазифаси юклансин, қуйидагилар агентликнинг қўшимча функциялари этиб белгилансин: 

йўналишларда йўловчилар ташиш транспортида хизматлар кўрсатиш юзасидан намунавий контрактларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, уларда аҳолига сифатли ва хавфсиз автотранспорт хизматларини кафолатли таъминлаш учун оптимал шарт-шароитларни назарда тутиш; 

йўловчилар ташишни амалга ошириш юзасидан доимий равишда марказлаштирилган мониторинг олиб борилишини таъминлаш, онлайн (GPS) режимида масофадан кузатиш тизимини ҳамда расмий веб-сайт ва «ишонч телефонлари» орқали аҳоли билан мулоқот механизмларини босқичма-босқич жорий этиш;