Жамият | 10:17 / 13.01.2017
5490
2 дақиқада ўқилади

Amazon ва Washington Post эгаси Барак Обама ва Иванка Трампга қўшни бўлди

фото : EPA

Amazon компанияси асосчиси ва Washington Post газетаси эгаси миллиардер Жефф Безос Америка пойтахтидаги энг ҳашаматли уйни сотиб олди. Юқоридаги газетанинг хабар беришича, у майдони 2500 квадрат метр келувчи иккита қўшни бинони харид қилган. Эндиликда кўчмас мулк битта оилага мўлжалланган уйга айлантирилади.

Washington Post маълумотига кўра, келишув октябрь охирида амалга оширилган бўлиб, Безос унинг учун 23 миллион доллар сарфлаган.
Аввалроқ ишбилармон Вашингтон штатининг Сиэтл туманидаги уйини тарк этмаслиги ҳақида маълум қилганди. Энди эса нашр сўзларига кўра, у пойтахтда "доимий равишда истиқомат қилиб қолиши мумкин". 

Washington Post’нинг эслатишича, Безосга Вашингтоннинг ушбу туманида АҚШнинг амалдаги президенти Барак Обама ҳам қўшни бўлади. У Оқ уйдан кетгач, қизлари мактабдаги таҳсилини тамомлагунга қадар шу тумандаги уйлардан бирини ижарага олмоқчи. Шунингдек, АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамнинг қизи Иванка Трамп ҳам ўз турмуш ўртоғи Жаред Кушнер билан бу ерда яшамоқчи.

Маълумот учун, Безоснинг янги уйи Вашингтондаги меъморий обидалардан бири саналади. Уни Жеффермон мемориалини яратган таниқли архитектор Жон Рассел Поуп лойиҳалаштирган.

Мавзуга оид