Жамият | 14:10 / 13.01.2017
31380
2 дақиқада ўқилади

Болалигида ажратилган хитойлик эгизак қизлар бутун Американи йиғлатди

Америкада эрталабки эфирларда узатилувчи дастурда тақдим этилган видео барчани йиғлатди. Болалигида ажратилган ва турли оилаларда вояга етган икки хитойлик эгизак қиз илк марта Америка телеканали эфирида учрашди.  

Одри Доринг ва Грейси Рейнсберри узоқ йиллик айрилиқдан сўнг биринчи марта “Хайрли тонг, Америка” кўрсатувида қучоқ очиб кўришишди. Шу лаҳзада нафақат қизлар, балки томошабинлар ҳам кўз ёшларини тийиб тура олишмади. 

Қизлар бир-биридан юзлаб километр масофада ҳар хил оилаларда  яшашган. Декабрь ойига қадар улар ҳатто бир-бирлари ҳақида билишмаган ҳам, бироқ Одрининг онаси тасодифан эгизакларнинг гўдаклик пайтида онаси билан тушган суратини топиб олди. 

Грейси Ричлендда (Вашингтон штати) яшайди, Одри эса ундан деярли 1,5 минг километр масофада – Уосода (Висконсин штати). Уларни вақт ва масофа ажратганига қарамай, учрашув вақтида  қизлар бир хил кийинишган эди.  

Опа-сингилларнинг учрашуви Одрининг онаси туфайли амалга ошди. У қизининг сурати нусхасини телевидениега йўллади. Шу вақтгача уч ака билан яшаган қизга опаси борлигини айтишганида у қулоқларига ишонмади. 

Грейси ҳам катта оила бағрида яшайди – унинг икки акаси ва бир опаси бор. Учрашув давомида қизлар шунга ишонч ҳосил қилишдики, улар бир хил нарсаларни ёқтиришар ва бир хил машғулотларга қизиқишар экан. Манбага кўра, иккиси ҳам шу пайтгача ўзини худди бирор нарсани йўқотиб қўйгандек ҳис қилган,  энди эса бу туйғу уларни тарк этган.

Мавзуга оид