Жаҳон | 17:55 / 13.01.2017
15195
2 дақиқада ўқилади

Украина президенти Порошенко давлатга хиёнатда айбланиши мумкин

Украина бош прокурорининг собиқ ўринбосари Ренат Кузьмин Украина Хавфсизлик хизмати раиси Василий Грицакка мурожаат қилиб, мамлакат президенти Пётр Порошенкога нисбатан жиноий иш қўзғашни сўраган. У ўз мурожаатини Facebook  саҳифасида эълон қилган. 

Кузьминнинг ёзишича, Украина ҳукумати «Россия билан уруш ҳақида» сўз юритган, ЕИ, АҚШ ва бошқа мамлакатлар Россияга қарши жазо чоралари қўллаган бир вақтда, Порошенко «ўзининг атрофидагилар» ва Украинанинг Roshen корпорацияси топ менежерлари билан тил бириктирган ҳолда «Украинага зиён келтирувчи ҳаракатларни қасддан тизимли равишда амалга ошириб келмоқда».

Кузьминнинг сўзларига кўра, «айнан улар» Порошенкога тегишли Roshen фабрикасининг Липецкда шўъбасини очган ва шу билан Россия бюджетига 600 млн рубль маблағ ўтказган. Унинг айтишича, Roshen маҳсулотлари Донбасс ва Қримда эркин сотилмоқда ва маҳаллий бюджетларни тўлдирмоқда. 

«Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда, Украина халқининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, Василий Сергеевич, Сиздан: 1. Пётр Порошенко, унинг яқин атрофи ва Roshen топ менежерларига нисбатан «давлатга хоинлик» бўйича жиноий ишни рўйхатга олишингизни сўрайман», — деб ёзган Кузьмин.

У, шунингдек, Россия «федерал бюджети ва армияси»ни ноқонуний молиялаштириш амалиётларга чек қўйишга  ҳамда «Украинага қарши жиноятлар бўйича барча айбдорлар, сотқинлар»ни жазога тортишга чақирган.

«Ушбу талабларни рўйхатга олмаслик йўли билан бажаришдан бош тортиш оғир жиноятни қасддан бекитиш деб баҳоланади, бунинг учун айнан Сиз, генерал Грицак, жиноий жавобгарликка тортиласиз», — деб қайд этган Кузьмин.

Мавзуга оид