Сизу бизга бу жаннатмакон диёрни, буюк алломалар юртини Ватан қилиб берган Парвардигоримизга ҳамду санолар, шукроналар бўлсин!

Сизу бизга Ватанни севишни, ўз халқига, туғилган она юртига, динига содиқ бўлишни ўргатган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотларимиз бўлсин!

Барчамизга маълумки, мустақил республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан 1992 йил 14 январдан эътиборан мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий қисмлар, барча ҳарбий муассасалар давлат тасарруфига ўтказилди. Ана шу кун Ватан ҳимоячилари куни деб эълон қилиниб, мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинмоқда.

Ватанпарварлик ҳақида сўз борар экан, ҳар бир мўмин-мусулмон инсон аввало бу борада пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ватанга бўлган муносабатларини билиши лозим. Шу эътибордан бугун Ислом умматининг Ватанга муносабати қандай бўлиши кераклигини у зот алайҳиссаломнинг намуналарида ўрганишга ҳаракат қиламиз.

Cуҳбатимизнинг аввалида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан нотинч дунёимизга тинчлик сўраймиз, азиз Ватанимизнинг гуллаб-яшнашини сўраймиз, хусусан, қуролли кучларимизга ҳам салоҳият сўраймиз. Зеро, Ватанни ҳимоя қилиш, ўз халқини, оиласини ҳимоя қилиш эркак кишининг эркаклигини, йигитлигини синайдиган шарафли бурчдир. Ватанимизда туғилиб-ўсган ҳар бир эр йигитнинг қуролли кучлар сафида хизмат қилиши Ватан ҳимоясининг рамзидир. Чегарани қўриқлаш Ватанни қўриқлашдир, бунга доим тайёр туриш ҳар бир Ватан ўғлонининг қалбига сингиб кетган ҳиссиёт бўлиши лозим. Шундай экан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан халқимизнинг порлоқ келажаги, давлатимизнинг равнақини сўрар эканмиз, айни пайтда қуролли кучларнинг салоҳиятини ҳам сўрашимиз лозим.

Алҳамдулиллаҳ, юртимизда истиқлол шамоли эса бошлагандан буён чорак аср давомида ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳаси босқичма-босқич ривож топиб бормоқда. Хусусан, ижтимоий соҳада, дину диёнат, илм-маърифат борасида ҳам жуда кўп хайрли ишлар амалга ошмоқда. Жамоатга тўлиб-тошаётган хонақоҳларимиз, янги-янги қурилаётган ва таъмирланаётган муҳташам масжидларимиз бунга ёрқин мисолдир. Аллоҳ таоло бу дориломон кунларда яшашимизга нимани сабаб қилди? Аввало юртимизга ато этилган тинчлик-хотиржамликни, барқарорликни сабаб қилиб берди. Бу тинчлик, барқарорлик эса Ватан сарҳадларини қўриқлаб турган, тинчлигимизни таъминлаб турган, тоат-ибодатларимизни эмин-эркин адо этишимизни кафолатлаб турган қуролли кучларимизнинг, тинчлик посбонларимизнинг кечани кеча, кундузни кундуз демай, сергаклик билан, ҳушёрлик билан қилаётган хизматларининг самарасидир.

Аммо ёшларимиз бундай фидокорона хизмат қилиши учун, Ватанга содиқ бўлиши учун биз мўмин-мусулмонлар, юрт фуқаролари нима қилишимиз керак? Бизнинг вазифамиз – ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбига Ватанга муҳаббат ҳиссини, шу жаннатмакон юртда туғилиб-ўсганидан фахрланиш туйғусини сингдиришимиз керак. Шунинг учун бугунги суҳбатимизда динимизда Ватанга муносабат қандай бўлиши лозимлиги ҳақида сўз юритмоқдамиз.