Спорт | 01:53 / 19.01.2017
5217
2 дақиқада ўқилади

"Формула-1" пойгалари сотилмоқда

Фото: ТАСС

Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) "Формула-1" пойгаларини ўтказиш ҳуқуқини Американинг Liberty Media корпорациясига сотишни маъқуллади. Бу ҳақда FIA матбуот хизмати хабар қилган.

18 январь куни Женевада автоспорт бўйича Бутунжаҳон кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда, кенгаш аъзолари битимни якдиллик билан маъқуллашган. 

"Liberty ва FIA амалий муносабатларни йўлга қўйиш мақсадида ҳамкорлик қилиш ниятида, бу "Формула-1"нинг узоқ вақт ривожланиши ва муваффақиятини таъминлайди", - дейилади хабарда. 

Аввалроқ, Liberty Media акциядорлари "Формула-1" акцияларини харид қилиш ғоясини маъқуллашган эди. "Қироллик пойга"сининг бош акционери CVC Capital ихтиёридаги акцияларни харид қилиш битими 2017 йил биринчи чораги якунига қадар амалга оширилиши кутилмоқда. 2016 йил сентябрь ойида Liberty Media чемпионатнинг 18,7 фоиз акциясини 746 млн доллар эвазига харид қилган эди. Корпорация декабрь ойида битимни якунлаш мақсадида инвесторларнинг 1,5 млрд долларлик маблағини жалб қилди. 

 

Мавзуга оид