Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш давлат аҳамиятига молик вазифа этиб белгиланди. Ўзбекистон спорти миллий маданиятимизнинг узвий қисми ҳисобланиб, у кенг халқ оммасини юксак ахлоқий руҳда тарбиялашда ва саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим воситалардан бири бўлиб қолди. 

Халқаро майдонда тарихан қисқа давр ичида обрў орттиришга улгурган мустақил Ўзбекистон дунёга нафақат қадимий маданият, буюк мутафаккирлар, олимлар, шоир ва саркардалар туҳфа этган юрт, балки халқаро спорт оламида улкан муваффақиятларга эришган давлат сифатида ҳам танилди. Ҳозир бемалол айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон спорт соҳасида йирик давлатга айланиб, бошқа мамлакатларга кўплаб йиллар керак бўлган йўлни тарихан қисқа муддат ичида босиб ўтди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг чорак асрлик фаолиятига назар ташлар эканмиз кўпгина тарихий ютуқлар кўз олдимизда гавланади. Мамлакатимизда Миллий олимпия қўмитаси 1992 йил 21 январда, яъни бундан роппа-роса 25 йил муқаддам ташкил этилган бўлиб, 1993 йил сентябрь ойида Халқаро Олимпия қўмитасининг 101-сессиясида расман тан олинган. Сўнгра мамлакатимиз спорт делегацияси мустақил Ўзбекистон номидан тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақалари Олимпия ҳамда Осиё ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. 

Ўзбекистон делегацияси мустақил жамоа сифатида биринчи марта 1994-йилда Норвегиянинг Лиллихаммер шаҳрида ўтказилган XVII қишки Олимпия ўйинларида иштирок этган ва илк уринишдаёқ ҳамюртимиз Лина Черязова фристайл спорт тури бўйича барча рақибларини ортда қолдириб, Олимпия ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлган. Ушбу соврин мустақил Ўзбекистон тарихидан Олимпия ўйинларининг биринчи олтин медали сифатида жой олган.  

Орадан икки йил ўтиб спортчиларимиз ёзги Олимпия ўйинларидаги иштирокларини ҳам бошлаб беришади ва 1996-йилда АҚШнинг Атланта шаҳрида ташкил этилган XXVI ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси энди иккита медалга сазовор бўлади. Армен Багдасаров дзюдо бўйича кумуш, Карим Тўлаганов эса бокс бўйича бронза медалини қўлга киритишади.