Жойларда табиий газ ва электр таъминоти муаммоси борлиги ва уни бартараф этиш учун олиб борилаётган ишлар ҳақидаги мақолалар ўқувчиларимизни бефарқ қолдирмади. Таҳририятимизга турли мазмундаги мактублар йўлланмоқда. Уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.

Жумладан, Шуҳрат исмли фуқаро шундай ёзади: “Мен Қашқадарё вилояти, Нишон туманида яшайман. Сизлардан илтимос, Нишон томонларга бориб халқнинг аҳволидан бир хабар олиб келсангизлар. Мен Тошкентда ишлайман, қишлоққа борган пайтларим ҳудди ўрта асрга тушиб қолганга ўхшайман. Сизлардан илтимос, шу масалани телевидиниега ҳам олиб чиқсангизлар. Балким инсофга кириб, чироқни ёқишармиди? Газни-ку, эсидан чиқариб юборишганига анча йил бўлиб кетди”.

“Ассалому алайкум, ҳурматли Kun.uz таҳририяти аъзолари. Бериб бораётган янгиликларингиз кишини қувонтиради. Айниқса, муаммоли ҳолатларга ечим топишга ёрдам беришларингиз таҳсинга лойиқ. Шунақа муаммолар бизда мавжуд. Электр токини умуман беришмаяпти. Мен Самарқанд вилояти, Нарпай туманиданман. 110 деган "свет линияси" бор. Бизнинг қишлоқ ва яна 5 қишлоқ шу линияга уланган. Президент қабулхонасига ҳам ёздим. Нимагадир жавоб  келмаяпти. Сизлардан илтимос, шу масалада ёрдам берингизлар. Ишингизга муваффақият тилаб мухлисингиз Баҳодир Турдиев”.

Зокир исмли яна бир фуқаро шундай арз қилди: “Чироқсиз қолаётган шаҳрисабзликлар тўғрисидаги иккинчи мақолада халқни айблаб ёзиб электр тармоғи корхонасидагиларни дардига малҳам қўйдингизлар. Аввал бир неча соат берилаётган электр энди дақиқаларга ўтиб қолди. Халқнинг бир фоизини ҳам ташкил этмайдиган бир гуруҳ қоидабузарларни деб бутун бир халқни айблаш тўғри бўлмас-ов. Ариза муаллифлари: Зокир, Ҳусниддин, Шавкат, Эрик”.

Шавкатжон исмли фуқаро шундай ёзади: “Ассалому алайкум. Нафақат Самарқандда, балки бизнинг қишлоқда ҳам зулмат. Электр энергияси ҳар куни икки ёки ўн дақиқа бўлса майлига, соатлаб ўчирилади. Бизнинг манзил: Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани, Шаханд қишлоғи. Нега бундайлигини халигича ҳеч ким изоҳламайди. Шу масалада аниқлик киритиб ёрдам берсангиз хурсанд бўлардик”.