Олимлар, зиёлилар, мамлакат ва миллат келажаги учун чуқур қайғурганларни яқин-яқингача бир нарса қийнаб келарди: нега ёшларимиз, умуман, фуқароларимиз ўртасида китобхонлик маданияти пасайиб кетди, нима учун ердан кўкка кўтарадиган, бизни баркамоллик сари етаклайдиган, инсонлар қалбига ёруғлик ва илиқлик киритадиган, оқ билан қора, яхшилик билан ёмонлик, вайронкорлик билан бунёдкорликнинг фарқини онгли равишда англатишга ёрдам берадиган, инсоният томонидан яратилган энг ноёб кашфиёт – китобнинг қадри тушиб кетмоқда? Не сабабдан айримлар китоб ўқиганларни замондан орқада қолаётганлар қаторига қўшиб қўймоқда?

Дарҳақиқат, бу саволлар барчамизни қийнар эди. Мен шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2016 йил 19 октябрда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги сайловолди маърузасида билдирилган айрим фикрлари хусусида тўҳталмоқчи эдим. Маърузада бугунги кунда ахборот – коммуникация технологиялари, Интернет тизимини кенг ривожлантирмасдан туриб, мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш, барқарор тараққиётга эришиш ҳақида сўз юритиш мумкин эмаслигига эътибор берилган. 

“Айни пайтда, - дейди Шавкат Миромонович, - ахборот-коммуникация соҳасидаги охирги ютуқларни ўзлаштириш билан бирга, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўст бўлишга,  аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади. Бунинг учун, аввало, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ва уларни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор беришимиз муҳим аҳамият касб этади”. (“XXI аср”, 2016, 20 октябр)

Гапнинг очиғини айтадиган бўлсак, ушбу фикрлар мамлакатимиздаги барча зиёлилар, миллат келажаги, унинг маънавий баркамоллиги учун ташвишда бўлганларнинг юрак-юрагидаги гап бўлди. Китоб барчамизга чароғон йўлни кўрсатишини, маънавий оламимизни шакллантиришини, келажакдаги ягона ягона тўғри йўлни танлашга ёрдам беришини билсакда, уни ўқимасак, китобнинг инсоният томонидан яратилган энг буюк кашфиёт эканлигини тушунсакда, аммо уни “культ” даражасига кўтармасак-бу ҳолда бизнинг китоб тўғрисидаги тасаввурларимиз хато бўлмайдими?

Ана шу фикрлар билан ошно бўлиб турганимизда, кечагина муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” (2017 йил 12 январ)ги фармойиши эълон қилинди. Мазкур фармойиш китоб, китобхонлик маданиятининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни ва ролини яна бир янги босқичга кўтарганлиги билан изоҳланади. Таъкидланишича, бугунги кунда матбуот, ноширлик ва ахборот соҳасида тегишли ҳуқуқий асос яратилган бўлиб, 10 дан ортиқ қонун ва 30 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. 1677 та матбаа корхоналари, 118 та нашриёт давлат рўйхатига олинган. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 14 та ҳудудий бирлик ахборот-кутубхона маркази, туман ва шаҳар марказларидаги таълим муссасаларида 200 га яқин ахборот-ресурс марказлари томонидан аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари ҳамда “Китоб олами”, “Шарқ зиёкори” ва “Ўздавкитобсавдотаъминот” мажмуалари томонидан китоб савдоси хизмати кўрсатиш йўлга қўйилган.